Ссылки доступа

COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга Sinovac вакцинасидан яна 912 минг доза келтирилди


A health worker holds up a vial of China's Sinovac COVID-19 vaccine during the first phase of vaccinations for health workers at a hospital in Manila on March 1, 2021. (AFP / Ted Aljibe)

ЖССТ, GAVI ва CEPIvaccines ҳамда UNICEFни бирлаштирган глобал ташаббус бўлмиш COVAX дастури доирасида 21 октябрь куни Ўзбекистонга яна 912 минг доза Sinovac вакцинаси олиб келинган. Бу ҳақда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумот тарқатди.

Ўзбекистонга 20 октябрь куни Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинасидан 864 минг доза олиб келингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ҳар икки партия ҳам COVAX дастури доирасида келтирилгани учун бу вакциналар Ўзбекистонга бепул тақдим этилганини айтиш мумкин.

Ўтган ҳафта Туркия ҳукумати ҳам Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида коронавирусга қарши Sinovac вакцинасидан 200 минг доза йўллаган эди.

Шу тариқа мамлакатга келтирилган Sinovac препаратлари сони 1 миллион 976 минг дозага етган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни жорий йилнинг апрель ойидан бошланган. Эмлаш жараёнида юқорида зикр Sinovac вакцинасидан ташқари яна беш хил препарат қўлланилмоқда. Булар ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), AstraZeneca (Британия), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ) ҳамда Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) вакциналаридир.

Бугунги партия ортидан Ўзбекистонга келтирилган ва мамлакатда ишлаб чиқарилган вакцина миқдори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 34 миллион 951 минг 358 дозага етган, бундан 24 миллион 506 минг 587 дозаси эмлаш жараёнида қўлланилган.

XS
SM
MD
LG