Ссылки доступа

Прокуратура: Саакашвили Грузияга сут маҳсулотлари ортилган машинада кирган


Михаил Саакашвили
Михаил Саакашвили

Грузия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айблашга оид қарор чиқарди.

Идора маълумотига кўра, Саакашвили “Вильнюс” кемаси бортида Украинанинг Черноморск шаҳридан Грузиянинг Поти бандаргоҳига етиб келган. 29 сентябрга ўтар кечаси кема портга кирган, шундан сўнг у ердан сут маҳсулотлари ортилган тиркамали трейлер йўлга чиққан. Саакашвили ана шу трейлерда бўлган.

Прокуратуранинг урғулашича, Саакашвили трейлерда бўлганини унинг телефонида тикланган видеоёзувлар тасдиқлайди.

“РИА Новости” агентлигининг хабар қилишича, Саакашвили томонидан чегара ноқонуний кесиб ўтилиши иши доирасида уч киши – трейлер ҳайдовчиси Элгуже Цомае, шунингдек Поти бандаргоҳининг икки ходими қўлга олинган.

Михаил Саакашвили саккиз йиллик танаффусдан сўнг шу йилнинг 1 октябрида Грузияга қайтган эди. Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Саакашвили ҳозирда Рустави шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

XS
SM
MD
LG