Ссылки доступа

МБ бир йилдан буён ўзгармаган асосий фоиз ставкасини яна 14 фоиз даражасида қолдирди


Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 21 октябрь куни ўтказилган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

МБ матбуот хизмати маълумотига кўра, бу қарор иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашиб бориши ва нархларни оширувчи омилларнинг сақланиб қолаётганлиги шароитида йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ва келгусида 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш мақсадида олинган.

Регулятор иддаосича, жорий йил бошидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиб бориши ҳисобига ички ва ташқи талаб динамикасида ижобий тенденциялар кузатиляпти.

Марказий банк 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,9 фоизни ташкил этгани, аҳоли даромадлари реал ҳисобда 10,4 фоизга ошганини қўшимча қилган.

“Шу билан бирга, иқтисодиётнинг айрим соҳаларида иқтисодий фаолликнинг пандемияга қадар бўлган даврдаги даражасигача тикланиши узоқроқ муддатни талаб этмоқда. Ички ва ташқи туризм, транспорт хизматлари, автомобиль ишлаб чиқариш (ўтган йил 9 ойга нисбатан 32,4 фоизга пасайган) ва умумий овқатланиш соҳалари ҳали ҳам 2019 йил даражасига етгани йўқ”, дейилган МБ хабарномасида.

Марказий банк Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилнинг 9 ойида 5,7 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (4,3 млрд. доллар) нисбатан 34,2 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (4,5 млрд. доллар) нисбатан эса 29 фоизга ўсганини урғулаган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти, 22 апрели, 10 июни, 29 июли ва 9 сентябрида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йилнинг 9 декабрида ўтказилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG