Ссылки доступа

Суданда яна давлат тўнтариши юз берди, бир неча вазир ҳибсга олинди


Судан ахборот вазирлиги бир неча вазир ҳамда иқтидордаги Суверен кенгаш аъзолари ҳибсга олинганини тасдиқлади. Уларнинг қаердалиги номаълум. Reuters агентлиги Суданда юз бераётган воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” деб атаган.

Судандаги ҳарбийлар ҳокимиятига мухолиф бўлмиш “Касаба уюшмалари иттифоқи” мамлакат аҳолисини кўчаларга чиқишга ва “ҳарбий тўнтариш”га қаршилик кўрсатишга чақирган.

Турли ОАВ хабарларига кўра, Судан бош вазири Абдулла Ҳамдок, шунингдек тўрт вазир ҳамда Суверен кенгашнинг фуқаровий вакили Муҳаммад Фекилар ҳибсга олинган, бош вазир уй қамоғида сақланмоқда.

Судан пойтахти Хартумнинг айрим туманларида интернет ўчирилган.

Суданда бундан олдинги ҳарбий тўнтариш 2019 йил апрель ойида юз берган: ўшанда ҳарбийлар мамлакатда ҳокимият улар тузган Кенгаш қўлига ўтганини, президент ал-Башир қамоққа олинганини маълум қилишган.

Шундан сўнг мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, Конституциянинг амал қилиши тўхтатилган, ҳаво ҳудуди ва аэропортлар, чегаралар ёпилган. Ҳарбийлар икки йиллик ўтиш даврида Суданни улар тузган Кенгаш идора қилишини, сўнгра сайлов ўтказилишини эълон қилишган.

Суданликлар дастлаб давлат тўнтаришини ижобий қабул қилишган эди. Бироқ, икки ярим йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, ҳарбийлар ҳокимиятни фуқаровий ҳукуматга қайтаришга шошилмаяпти. Судан ўтиш даври Суверен кенгашининг ваколатлари тугаганидан сўнг ҳокимият ҳарбийлардан фуқаровий сиёсатчиларга берилишини талаб қилиб, қатор шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказилган.

Судан 1956 йилда мустақиллик эълон қилган бўлса, ўшандан бери мамлакатда олти марта ҳокимият ҳарбий тўнтариш натижасида алмашган. Шундан фақат икки мартасида ҳокимият тинч йўл билан топширилган. Ҳар бир тўнтариш чуқур иқтисодий таназзул ва сиёсий гуруҳларнинг ўзаро ихтилофлари манзарасида рўй берган.

XS
SM
MD
LG