Ссылки доступа

Бишкекдаги кафеда юз берган оммавий заҳарланиш сабаб мамлакатдаги барча умумий овқатланиш шохобчалари текширилмоқда


Бишкекдаги кафеда одамларнинг оммавий заҳарланиши туфайли Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази республика бўйлаб озиқ-овқат дўконларини текширмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳукумат қарорига ўзгартиришлар киритилган. Қонунга кўра, 2018 йилда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш вақтинча тақиқланган эди.

«Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотиш объектларида Қирғизистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги техник регламентлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя этилишини текширишга қўйилган мораторий бекор қилинди», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Бишкекдаги оммавий заҳарланиш “Пицца Империяси” кафесининг турли филиалларида содир бўлди. 23 октябрдан озиқ-овқатдан заҳарланиш белгилари бўлган фуқаролар, жумладан болалар, Бишкекдаги темир йўл касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қила бошладилар.

25 октябрь куни соат 14:30 ҳолатига кўра, кафега ташриф буюрганидан кейин овқатдан заҳарланиш билан тиббий ёрдамга мурожаат қилганларнинг умумий сони 118 тани ташкил этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, заҳарланиш ҳолатлари нафақат Бишкекда, балки Чуй вилоятининг Жайил туманида ҳам аниқланган. У ерда 5 жабрланувчи касалхонага мурожаат қилган. Ҳаммаси бўлиб 24 киши стационар даволанмоқда, улардан 14 нафари болалардир. Қолган жабрланувчилар тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, амбулатор даволанишга юборилган.

Жабрланганларнинг сўзларига кўра, уларнинг саломатлиги “Пицца Империяси” кафесида гуручли рулон ейишдан кейин ёмонлашган, айни пайтда ўн киши стационар даволанмоқда.

25 октябрь куни “Пицца Империяси” кафесининг барча филиаллари эпидемиологик текширув учун вақтинча ёпилди.

XS
SM
MD
LG