Ссылки доступа

Нур-Султонда ногиронлиги бўлган шахслар намойишга чиқди (видео)


25 октябрь куни Нур-Султонда ўндан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги биноси олдида норозилик намойиши ўтказиб, ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва муаммони ҳал қилишни талаб қилишди.

Бу ерга йиғилганлар журналистларга мамлакатнинг турли вилоятларидан пойтахтга келганликларини айтишди.

Акция иштирокчиси, Шимолий Қозоғистон вилоятининг Кишкенекол қишлоғида яшовчи Нурлан Смагулов меҳнатга лаёқатсиз деб топилгани, ногиронлик бўйича 65 минг тенге (тахминан 150 доллар) миқдоридаги нафақа нормал ҳаёти учун етарли эмаслигини айтди.

- Улар нафақа миқдорини ошириши керак, чунки озиқ-овқат ҳар куни қимматлашмоқда. Мен олти йилдан буён уй-жой олиш учун навбатда тураман, лекин мана 30 йилдан буён бизнинг ҳудудда имконияти чекланганлар учун уй-жой қурилмаган. Шунинг учун, менимча, навбат менга етиб келиши даргумон, — дейди у.

Учрашув жойига пойтахт ҳокимлигининг расмий вакили келди. Унинг таъкидлашича, бу ҳаракат «ноқонуний». Намойишчилар бир ҳафта олдин митинг ҳақида ҳокимиятни хабардор қилганликларини ва ҳокимиятдан ҳеч қандай жавоб келмаганини айтишди.

Меҳнат вазири маслаҳатчиси Чингизбек Султонбеков бўлимда масалалар алоҳида кўриб чиқилишига кафолат бериб, йиғилганларни унинг ортидан “Адалдик алаги» қабулхонасига таклиф қилди. Аммо намойишчилар «май ойидан буён улар вазирлик вакилларининг ваъдаларини бир неча бор эшитган», деб рад этишди ва вазирнинг шахсан улар олдига чиқишларини талаб қилишди.

Қозоғистон пойтахтида акциялар илгари ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш талаблари билан ўтказилган. Июнь ойида бир гуруҳ фуқаролар БМТ ваколатхонасига ариза билан мурожаат қилиб, унда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатини қоралаб, ҳокимият мавжуд ресурслардан самарасиз фойдаланаётгани, катта миқдордаги маблағларни турли мақсадларга йўналтираётгани ҳақида гапирган эди.

XS
SM
MD
LG