Ссылки доступа

Пикассонинг 11 та сурати Лас-Вегас аукционида деярли 109 миллион долларга сотилди


Пабло Пикассонинг 140 йиллиги муносабати билан АҚШнинг Лас -Вегас шаҳрида уюштирилган кимошди савдосида машҳур рассом мўйқаламига мансуб 11 асар 108 миллион 900 минг долларга сотилди.

23 октябрда ўтган кимошдида энг қиммат сотилган сурат Femme au Beret Rouge-Orange (Алвон-норанж бош киймли аёл) бўлди. Мазкур асарнинг бошланғич нархи 20 миллион долларга баҳоланган эди. Аукционда у 40,5 миллион долларга сотилди.

1938 йилда ёзилган бу картинада таниқли рассом Мари Тереза Вальтер тасвирланган. Пикассо 17 ёшли Мари билан ишқий муносабатда бўлган.

Бундан аввал картина 1980 йилда ўтган аукционда 900 минг долларга сотилган эди. Уни бир нечта казино хўжайини бўлган Стив Винн харид қилган ва 1998 йилда картина MGM Resorts ширкатининг мулкига айланганди.

1959 йилда ёзилган икки метрли Homme Et Enfant картинаси эса 24 миллион 400 минг долларга сотилди. Мазкур картина Пикассо ижодидаги муҳим асарлардан бири ҳисобланади.

1881 йилнинг 25 октябрида Испаниянинг Малага шаҳрида туғилиб, 1973 йилнинг 8 апрелида Франциянинг Муженида 91 ёшида вафот этган Пабло Пикассо ХХ асрнинг энг машҳур рассомларидан биридир.

XS
SM
MD
LG