Ссылки доступа

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги президент сайловлари бўйича баёнот берди


АҚШ Давлат департаменти 25 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижалари бўйича баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, АҚШ «Ўзбекистон халқининг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишини қўллаб-қувватлайди».

Давлат департаменти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг овоз бериш тинч ўтгани ва сайловчиларнинг юқори фаоллиги билан тавсифлангани ҳақидаги кузатувига қўшилган. Шу қатори, Қўшма Штатлар ЕХҲТ миссиясининг айрим масалалар бўйича «ташвишларига шерик» экани таъкидланган.

Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматининг ЕХҲТ ДИИҲБ кузатув миссияси билан ҳамкорлигини маъқуллаган ва ЕХҲТнинг сайловлар, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш бўйича тавсияларини амалга оширишга чақирган.

«Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ушбу ва бошқа кўплаб икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттириш тарафдоримиз», — дейилади баёнотда.

Президент сайлови арафасида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 2019 йилги парламент сайлови якунларига кўра ЕХҲТ-ДИИҲБ миссияси томонидан мамлакат сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича 32 та тавсиялар киритилганини маълум қилган эди. Ўзбекистон 18 та тавсияни тўлиқ ва 3 та тавсияни қисман қабул қилган, 8 та тавсия кўриб чиқилмоқда.

XS
SM
MD
LG