Ссылки доступа

Страсбургда Россия Федерациясига қарши судда ғалаба қозонган Тожикистон фуқаросини Россия депортация қилди


Бахтиер Усмонов
Бахтиер Усмонов

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида Россияга қарши ишда ғалаба қозонган тожикистонлик Бахтиёр Усмонов Россия Федерациясидан депортация қилинди.

Россия расмийлари Усмоновни ушбу мамлакат фуқаролигини олишда «ёлғон маълумот» берганликда ва «ваколатли органларни чалғитишга» уринишда айблаб, уни 2018 йилдан 2020 йилгача муҳожирларни вақтинча сақлаш марказида сақлаган. 2020 йил охирида Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияни тожикистонлик 44 ёшли Бахтиёр Усмоновнинг фуқаролигини тиклаш ва унга 11 минг евро миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган эди.

Бахтиёр Усмоновнинг амакиси Абдуғани Беҳнаевнинг 25 октябрь куни Озодлик радиосига айтишича, Россия расмийлари Бахтиёрни 23 октябрь куни ҳеч қандай изоҳсиз Новгород вилоятидан Душанбега депортация қилган. «Европа суди у Россиядаги тергов ҳибсхонасида ноқонуний равишда икки йил давомида айбсиз ушлаб турилганлигини ва товон пули тўланиши кераклигини исботлади. Бироқ, Россия уни шунчаки депортация қилди ”, дейди у.

Россия расмийлари бу ҳаракатларга изоҳ бермади. Россия Федерациясининг расмий тузилмаларидан изоҳ олишга бўлган уринишларимиз ҳали муваффақият қозонмади.

«Россия инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарори нотўғри эканлигини исботлай олмади ва Бахтиёр оддийгина депортация қилинди ва бу билан ўзини жавобгарликдан озод қилди. Лекин бу ишда нуқта қўйилмаган ва биз бу масалани яна Европа судида кўтарамиз», — деди Европадаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли Фарҳод Одинаев.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Усмоновни фуқаролигидан маҳрум қилиб, фирибгарлик йўли билан Россия фуқаролигини олганликда айблаб, ҳибсга олди. Расмийларнинг таъкидлашича, у фуқароликни олиш ҳақидаги аризасида барча яқин қариндошлари, хусусан, укаси ва синглиси ҳақида маълумот кўрсатмаган.

Бахтиёр Усмонов 2020 йил декабрь ойида Озодлик радиосига миграция хизмати ходими билан маслаҳатлашганидан сўнг аризани тўлдирганини айтди. Россия матбуоти у ҳақида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланаётган ва шу орқали оиласини боқаётган «меҳнаткаш одам ва яхши ота» сифатида ёзмоқда.

Бахтиёр Усмонов 2007 йилда Россияга кўчиб ўтган ва бу давлат фуқаролигини олган. Эндиликда унинг Россияга қайтишга ҳаққи йўқ, лекин унинг хотини ва болалари Новгородда қолган.

XS
SM
MD
LG