Ссылки доступа

Қозоғистон афғонларга транзит йўлаги ажратади


Қозоғистон афғон аёллари — судьялар, депутатлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун транзитни таъминлади, деб хабар қилди Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати.

«Қозоғистоннинг гуманитар соҳадаги халқаро мажбуриятларига содиқлигидан келиб чиқиб, давлат раҳбари афғон аёллари – судьялар ва парламент аъзолари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун транзит йўлаги ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди», — дейилади хабарда.

Маҳаллий Информбюро сайти хабарига кўра, транзитда жами 99 киши учиши керак эди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, транзит халқаро нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда учинчи давлатларга кейинги парвозлар учун Олмаота аэропорти орқали амалга оширилган.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Нур-Султоннинг «Толибон» радикал исломий ҳаракати (Қозоғистонда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган) билан алоқалари ҳақидаги саволларга жавоб берди. Тлеубердининг айтишича, Толибон бошчилигидаги афғон маъмурияти билан сиёсий музокаралар ҳақида гапиришга ҳали эрта.

«Қозоғистон афғон халқига 5 минг тонна ун миқдорида инсонпарварлик ёрдами юборишга қарор қилди. Ва табиийки, бу давлат билан савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш ҳам зарур. Ҳозир бу давлат билан сиёсий музокаралар ҳақида гап йўқ. Бу афғон халқига ёрдам бериш ҳақида», — деди Тлеуберди.

Шунингдек, у янги ҳукумат халқаро ҳамжамият томонидан ҳали тан олинмаганини, чунки Толибон ҳаракати БМТнинг террорчилар тоифасига киритилганини таъкидлади. «Бунинг тан олиниши учун, биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик Кенгаши махсус резолюция қабул қилиши керак», — деди вазир.

Вазирнинг қўшимча қилишича, халқаро ҳамжамият Афғонистонда иқтисодий ва гуманитар инқирознинг юзага келишига йўл қўймаслик кераклиги ҳақида умумий тушунчага эга, чунки бу «маълум хавфларни» ўз ичига олади, бунда Қозоғистон ҳукумати зўравонлик, гиёҳванд моддалар савдоси ва назоратсиз тарқалишини назарда тутади.

Қозоғистон президентининг вакили 17 октябрь куни Кобулга ташрифи чоғида Толибон маъмуриятининг юқори мартабали вакиллари билан учрашиб, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва савдо-иқтисодий алоқаларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилган, бу эса ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлган. Хусусан, ҳукумат танқидчилари Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида 5 минг тонна ун ўтказилишини айнан терроризмни молиялаштириш сифатида баҳолаш керак, деган фикрни билдиришди. Бундан ташқари, президент элчиси Ержан Казихоннинг «Толибон» ҳаммуассиси Абдул Ғани Барадар билан қўл бериб кўришгани ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияровнинг пулемёт билан қуролланган жангарилар ёнида тургани суратлари шов-шув бўлди.

7 сентябрь куни Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» радикал ҳаракати мамлакатнинг янги ҳукумати таркибини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG