Ссылки доступа

Тошкент НАТО билан алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини очиқлади


Ўзбекистон НАТОни замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб билади ва Тошкент томонлар учун манфаатли бўлган масалаларнинг бутун кўлами бўйича алоқаларни ривожлантириш тарафдоридир.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг НАТОдаги миссияси раҳбари, элчи Дилёр Ҳакимов билан Шимолий Атлантика альянси Бош котибининг сиёсий ва хавфсизлик масалалари бўйича янги тайинланган ўринбосари, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакил Хавьер Коломин учрашуви чоғида таъкидланган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги мулоқот ҳар икки томон манфаатлари йўлида ривожланишда давом этиши урғуланган.

“Ҳарбий қурилиш соҳасидаги туб ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Қуролли кучларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Бу жараёнда ҳарбий хизматчиларнинг касб маҳорати ва малакасини ошириш, уларни интеллектуал ва психологик тайёрлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Бу борадаги муҳим йўналишлардан бири хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳисобланади”, дейилган хабарда.

Қайд этилишича, учрашувда Альянснинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури доирасида Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

XS
SM
MD
LG