Ссылки доступа

Миграцион инқироз манзарасида Германия ва Польша чегараларини мустаҳкамламоқда


Польша нолегал муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун Беларусь билан чегарадаги ўз ҳарбийлари сонини 10 минг нафаргача оширади. Европа Иттифоқи юзага келган инқирозда Александр Лукашенко айбдор, деб ҳисоблайди.

ЕИ вакиллари фикрича, Лукашенко шу тариқа ўзига қарши жорий қилинган санкциялар учун ўч олмоқда.

Келиб чиқиши Эрон, Сурия, Яман ва Ироқдан бўлган муҳожирлар Польшага Беларусь орқали кириб келмоқда. Шу важдан чегараолди ҳудудида фавқулодда вазият тартибини эълон қилган.

Аввалроқ Германия қўшнисига муҳожир оқимини тўхтатишда кўмак кўрсатиш учун Польшага юзлаб полициячисини йўллаган. Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер Bild am Sonntag нашрига зарурат туғилган тақдирда Польшага дастак кучайтирилишини билдирган.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси немис полицияси “Учинчи йўл” (Der III. Weg) ультраўнгчи гуруҳнинг қуролланган аъзоларини қўлга олган. Улар Польша орқали Германияга келаётган муҳожирларнинг мамлакат ҳудудига киришига халақит бериш ниятида бўлганлар.

Польша ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун Беларусь билан чегарада қиймати 410 миллион долларга тенг бўлган девор қуришни таклиф қилган. Шу каби муаммога дуч келган Латвия ҳам ана шундай чорани кўришга тайёр.

Жорий йилда Германияга Польша ва Беларусдан 6 минг 162 нафар ҳужжатсиз қочқин кириб келган. Ноқонуний муҳожирларни тақсимлаш иши ноябрь ойи бошида бошланиши кутилмоқда.

Аввалроқ Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер ўз мамлакатининг Польша билан чегарани ёпиш нияти йўқлигини билдирган эди, аммо у 24 октябрь куни чегарадаги назорат қайта тикланиши мумкинлигини истисно қилган эмас.

XS
SM
MD
LG