Ссылки доступа

Толибага тегажоғлик қилганликда гумонланган декан ўринбосарига нисбатан жиноят иши очилди


Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 3-курс талабасига тегажоғлик қилганликда гумонланган декан ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилган.

Жорий йилнинг 18 октябрь куни толиба М.К. “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Ю.нинг олдига келгани, хонада декан ўринбосари унга тегажоқлик қилгани, эшик тақиллаб қолганидан кейин эса Б.Ю. қизни деразадан итариб юборгани ҳақида Nemolchi.uz лойиҳаси маълумот тарқатган.

Қайд этилишича, ҳодиса ортидан касалхонага етказилган талаба қизга врачлар тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйишган.

ИИВ вакили Ш. Ғиёсовга кўра, ҳодисанинг эртасига декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 118- ва 105- моддалари (номусга тегиш ҳамда қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Б.Ю. 23 октябрда қўлга олингани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG