«Сиёсий нуқтаи назардан Қирғизистон президентининг баёноти Тожикистон ҳудудий яхлитлигига тажовуздир. Тожикистон ССР ташкил топган биринчи кунданоқ Мурғоб вилояти ҳудуди Тожикистон таркибига кирди», — дейилади ХДП нинг 26 октябрь куни эълон қилинган баёнотида.
Мурғоб вилояти Душанбедан минг километр узоқликда, Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида жойлашган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Лейлек ва Боткен вилоятларида 210 минг гектар ер баҳсли эканини айтди. «1924 йилда бу ерлар бизга ўтган, дейишади. Мен жавоб бераман, агар шундай бўлса, 1924 йилда биз сизга уч миллион гектар майдонга эга Мурғобни топширдик. Келинг у ҳода уни бизга қайтариб берасиз. Ҳукуматлараро комиссиялар ишламоқда. Охирги сафар улар яна саккиз километрни белгилашган. Умид қиламанки, масала томонларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинади», — деди Жапаров.
Тожикистон ҳукумати Қирғизистон раҳбарининг баёнотига ҳозирча жавоб бергани йўқ.
Шу билан бирга, Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар чоғида Мурғоб вилояти масаласи муҳокама қилингани ёки йўқлиги маълум эмас. Садир Жапаров Мурғоб вилояти бўйича можаро қачон, қаерда ва қандай шароитда бўлганини ҳам изоҳламади.
ХДП етакчиси, Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутати Саиджафар Усмонзода 26 октябрь куни Озодликнинг тожик нашри – «Озоди» радиосига берган интервьюсида Садир Жапаровнинг баёнотини «делимитация ва демаркация бўйича музокараларда Тожикистонга босим» деб атади.
«Афсуски, Қирғизистоннинг амалдаги раҳбариятининг сиёсати қўшни давлатлар ўртасидаги можаро оловига мой қўшиб, аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Мен Қирғизистон президенти ва сиёсатчиларни ушбу оғир даврда душманликни кучайтирувчи баёнотлардан воз кечишга чақираман. Уруш муаммонинг ечими эмас», деди сиёсатчи.