Ссылки доступа

Россияда сиёсий маҳкумлар сони сўнгги беш йил ичида 5 баробар кўпайди


Ҳуқуқбонлар Россия қамоқхоналарида камида 420 нафар сиёсий маҳкум сақланаётганини билдиришди. Бу беш йил олдингидан 5 баравар кўпдир. “Медуза” нашри “Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази маълумотига таянган ҳолда ана шундай хулосага келган.

“Мемориал” рўйхатидаги 420 кишидан 360 нафари диний сабабларга қамалган. Уларнинг аксарияти Россияда тақиқланган исломий ташкилотларга аъзоликда айбланган мусулмонлар ҳамда экстремистик ташкилот деб топилган Ёҳуво шоҳидлари черкови мухлисларидир.

Сиёсий маҳкумлар сони асосан диний сабабларга кўра таъқиб этиш ҳисобига ўсмоқда. Бироқ “Мемориал”нинг урғулашича, ўтган йил ноябрида Россияда “қатағон тўлқини” бошланиб, пировардида ҳукуматга мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний қамоққа ташланган, унинг кўплаб тарафдорлари эса судланган ёки ҳибс қилинган.

Россиядаги сиёсий маҳкумларнинг аниқ сони, катта эҳтимол билан, бундан бир неча карра кўп чиқади, чунки биз ҳаммани мониторинг қила олмадик, дея таъкидлаган “Медуза”га берган интервьюсида “Мемориал”нинг сиёсий маҳкумларни дастаклаш йўналиши раҳбари Сергей Давидис.

Давидиснинг тахмини сиёсий маҳкумларнинг умумий сони Совет Иттифоқининг сўнгги йилларидагидан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини англатади. Ташкилот маълумотига кўра, КПСС бош котиби Михаил Горбачёв топшириғи билан сиёсий маҳкумлар озод этилгунга қадар мамлакатда улар сони қарийб 700 нафар бўлган.

XS
SM
MD
LG