Ссылки доступа

Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятида иккита мактаб қуриб беради


Ўзбекистон билан Қирғизистон ҳукуматлари ўртасидаги ўзаро шартнома лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятида иккита умумтаълим мактабини қуриб беради. Бу ҳақда Қирғизистон парламенти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур мактаблар қурилиши тўлалигича Ўзбекистон ҳисобидан молиялаштирилиб, Қирғизистон ҳисобига ўтказиб берилади.

Қурилиш учун Боткен туманининг Самарқандек қишлоғидан 0,75 гектар, Лайлак туманининг Марғун қишлоғидан эса 0,30 гектар ер ажратиб берилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Қирғизистон таълим ва фан вазирининг ўринбосари Надира Жусупбекова Самарқандекда қуриладиган мактаб 350 ўринга мўлжалланиши, Марғунда қурилажак мактаб эса 500 ўринли бўлиши ҳақида маълум қилган.

Боткен вилоятида Ўзбекистон томонидан икки мактаб қуриб берилиши бўйича келишувга Фарғона ва Боткен вилояти ҳокимларининг Қирғизистон жанубидаги учрашуви чоғида эришилган.

Ўзбекистон 2017 йил октябрида Ўш шаҳрида Алишер Навоий номидаги 18-сонли янги замонавий мактаб-гимназия биносини қуришни бошлаб, уни 2018 йил 1 сентябрида фойдаланишга топширган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудида коронавирусга қарши енгил конструкцияли иккита касалхонани ҳам қуриб берган.

XS
SM
MD
LG