Ссылки доступа

Россияга борган ўзбекистонликлар 15 кунгача қайдсиз юриши мумкин бўлади


Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги келишувни ратификация қилиш тўғрисида Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига мувофиқ, мазкур икки мамлакат фуқароларини чегарадан ўтганидан бошлаб 15 кунгача борган жойида қайддан ўтиш мажбуриятидан озод қилиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ҳозирги пайтда бундай имтиёздан Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқаролари фойдаланишмоқда.

Россияликларнинг Ўзбекистонда бўлиши ва ўзбекистонликларнинг Россияда бўлишига оид икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги шартномалар 21 май куни Москвада ва 17 июнь куни Тошкентда имзоланган.

Мазкур келишув икки мамлакат фуқаролари учун қулайлик яратиши айтилмоқда.

“Келишувнинг амалга оширилиши Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада ривожланишига кўмаклашади”, дейилган ҳужжатда.

Олдинроқ Озодлик Россия аввал мамлакатга кириши тақиқланган 158 минг нафар ўзбекистонликка нисбатан “миграцион амнистия” ўтказишга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, россиялик расмийлар ўз мамлакатида ишчи кучи етишмаётгани сабабли Ўзбекистондан минглаб қурувчини ишга жалб этишга қарор қилишган.

XS
SM
MD
LG