Ссылки доступа

18 давлат Россияни мустақил матбуотга ҳужумларни тўхтатишга чақирмоқда


ОАВ эркинлиги коалициясининг 18 давлати, жумладан АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари пайшанба куни Россияда матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича қўшма баёнотни имзолади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти томонидан 28 октябрь куни чоп этилган баёнот матнида айтилади.

Коалиция таркибига Украина, Австралия, Канада, Чехия, Дания, Франция, Германия, Греция, Исландия, Латвия, Литва, Нидерландия, Янги Зеландия, Шимолий Македония, Словакия, Словения ҳам киради.

Баёнот муаллифлари «Россия ҳукумати томонидан Россияда мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъқиблар кучайиб бораётганидан чуқур хавотир» билдиришган.

Баёнотда айтилишича, «Оммавий ахборот воситалари эркинлиги эркин ва очиқ жамиятнинг самарали фаолият юритиши учун ҳаётий муҳим ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарурдир».

Россия ҳукумати мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти гуруҳлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқаларга нисбатан «номақбул» шахслар ёки гуруҳлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек, «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунлардан фойдаланган ҳолда репрессияларни кучайтиришда айбланмоқда.

Баёнотда Кремль томонидан мустақил ва мухолиф оммавий ахборот воситалари, жумладан, талабалар журнали ДОХА, Проект ахборот сайти «исталмаган хорижий ташкилот»га нисбатан таъқиб қилинган кўплаб воқеалар санаб ўтилган, деб хабар беради “Bellincat” тергов сайти ва ТВ Дождь, «Америка Овози». Россия ҳукумати турли нашрларга, жумладан, Meduza, Important Stories, VTimes, The Insider, Mediazona, OVD-Info, Medium Orient каби нашрларга «хорижий агентлар» ёрлиғини қўйган.

Баёнотда Россияда «Озодлик» радиоси таъқиби билан боғлиқ вазият алоҳида қайд этилган. Россия ҳукумати «Озод Европа/Озодлик» медиа корпорациясининг рус тилидаги бир қанча лойиҳаларини «хорижий агент» сифатида тан олди.

Кремль Озодликни 600 дан ортиқ қоидабузарликда айблаб, 4,4 миллион доллардан ортиқ жарима солди. Расмийлар март ойида озодликнинг жарималар бўйича шикоятини рад этди ва май ойида газетанинг Москвадаги бюросининг банк ҳисобларини музлатиб қўйди, бу эса бюрони банкротлик хавфи остида қолдирди.

Бундан ташқари, Россия томонидан босиб олинган Украина Қримида Озодлик радиоси журналисти Владислав Эсипенко ҳибсга олинган ва энди сохта айбловлар билан 18 йиллик қамоқ жазоси кутилмоқда.

Баёнот муаллифлари Кремль томонидан мустақил журналистлар ва мухолиф оммавий ахборот воситаларининг таъқиб қилинишини қоралаб, Москвани «инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришга, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва журналистлар хавфсизлигини ҳурмат қилишга ҳамда таъминлашга чақирди.

XS
SM
MD
LG