Ссылки доступа

АҚШ Ассанжга хавфсизлик ва инсоний муомалани кафолатламоқчи, адвокатлар экстрадицияга қарши


Қўшма Штатларни тамсил этувчи юристлар Жулиан Ассанжни экстрадиция қилиш масаласи бўйича апелляция аризаси кўрилаётган Лондон Олий судига WikiLeaks асосчиси АҚШга берилган тақдирда унинг хавфсизлиги ва у билан инсоний муомала қилинишига доир бир қанча кафолатларни тақдим этишди.

28 октябрь куни Лондон судида Ассанж иши бўйича тингловлар якунланди, суд қарори кейинроқ эълон қилинади. АҚШ Адлия вазирлиги қуйи босқич судининг Ассанж руҳий аҳволи важидан АҚШга экстрадиция қилиниши мумкин эмаслиги ҳақидаги қарорини бекор қилдиришга эришмоқчи.

Юристлар АҚШ ҳукумати номидан берган кафолатларга кўра, Америка қамоқхонасида Ассанжга нисбатан махсус маъмурий чоралар кўрилмайди, яъни у учрашув олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмайди ва якка кишилик камерага қамалмайди. АҚШ, шунингдек, агар у янги ҳуқуқбузарликлар содир этмаса, Колорадодаги ўта қаттиқ тартибли қамоқхонага юборилмаслигига кафолат берган. Бундан ташқари, АҚШ расмийлари, агар Америка суди уни озодликдан маҳрум этса, жазо муддатини ўзи фуқароси бўлмиш Австралияда ўташига розилик билдиришган.

Ассанжнинг адвокатлари, шунингдек Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ушбу кафолатларни рад этишган. Улар кафолатларни етарли эмас деб ҳисоблаб, АҚШ уларни бекор қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолганига эътибор қаратишган. Қолаверса, адвокатлар АҚШга топширилган тақдирда Ассанж ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги қайд этилган руҳшунос шифокорлар хулосасини асос сифатида келтиришган.

Ассанж суд мажлисида қамоқхонада туриб видеоалоқа орқали иштирок этган.

АҚШда Ассанжга қарши жами 18 та айблов қўйилган. Жумладан, у WikiLeaks’да Американинг турли идораларига оид махфий ҳужжатларни эълон қилгани муносабати билан “жосуслик”да айбланмоқда. Ассанж бу айбловлар исботланган тақдирда 100 йилдан ортиқ муддатга қамалиши мумкин.

WikiLeaks асосчиси 2012 йилда, Швецияга топширишларидан чўчиб Эквадорнинг Лондондаги элчихонасига яширинган. Пировардида Швеция уни айблашдан воз кечган, аммо АҚШ уни экстрадиция қилишни талаб эта бошлаган. 2019 йилда Эквадор Ассанжни бошпанадан маҳрум этгач, у Британия ҳукуматига таслим бўлган. Ўшандан бери у ҳибсда сақланмоқда, суд эса уни экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқяпти. Биринчи босқич судида иш унинг фойдасига ҳал бўлган.

XS
SM
MD
LG