Ссылки доступа

Чегарада Ўзбекистон фуқароларидан пора талаб қилиняпти, “ставка” ҳам маълум


Қозоғистоннинг Чимкент, Тожикистоннинг Хўжанд ва Қирғизистоннинг Ўш шаҳарларига ўтаётган Ўзбекистон фуқароларидан қўшни мамлакатлар масъуллари ноқонуний пул ундирмоқда, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВлар.

Ҳолатни ўз кўзи билан кўрган “Kun.uz” мухбирига кўра, уч мамлакат билан боғловчи чегара постларидаги энг катта “ставка” Тожикистон чегарасида экани маълум бўлди. “Ойбек” чегара постида Тожикистон масъуллари ҳар бир Ўзбекистон фуқаросидан 150-200 сомони (150-200 минг сўм) пул олмоқда.

“Бунинг учун жуда содда, аммо инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи, асабини бузувчи усул танланган. Яъни ўзбекистонликлар нейтрал ҳудудда бир неча соат кутишга мажбур қилинади. Натижада дарвоза олдида турган чегарачи билан келишишдан, унинг айтган суммасини беришдан ўзга чораси қолмайди. Келишилган сумма чегара постида фаолият юритувчи шифокорга берилади”, деб ёзган нашр.

Қирғизистоннинг “Дўстуқ” постида эса чегарадан ўтиш “ставка”си 50 минг ўзбек сўмидан бошланади. Бу ерда ҳам пора олишда шифокор воситачилик қилади.

“Жибек Жоли” постида фаолият юритаётган Қозоғистон божхона ходими мигрант либосига кирган журналистдан 175 тенге (4400 сўм) олган.

Нашр мухбири, шунингдек, Ғишткўприк пости орқали кириб келаётган ҳар бир кишидан экспресс-тестни важ қилиб 100 минг сўмдан олинаётгани, ҳатто ПЗР-тест сертификати борлардан ҳам ушбу сумма талаб этилаётганини танқид қилган.

“Назаримизда, Ғишткўприк чегара-божхона постида коронавирусга қарши экспресс-тест топшириш бўйича мажбурий амалиётга барҳам берилиши керак, чунки бу шундоғам пандемия даврида моддий томондан қийналган халқдан ортиқча пул ундиришдан бошқа нарса эмас”, деб ёзган нашр.

XS
SM
MD
LG