Ссылки доступа

Ўзбекистон қишки Олимпия ўйинларига илк йўлланмани қўлга киритди


Ўзбекистонлик чанғичи Комилжон Тўхтаев 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган 24-қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди, деб хабар қилди Ўзбекистон чанғи федерацияси.

Тўхтаев қишки Олимпиадада чанғи спортининг “слалом” ва “гигант слалом” йўналишлари бўйича иштирок этади.

Хабарда айтилишича, 2019 йилнинг 1 июлида бошланиб, 2022 йилнинг 16 январида якунланадиган саралаш мусобақалари доирасида тоғ чанғиси бўйича яна бир ўзбекистонлик аёл спортчи қишки Олимпиада учун лицензия олиши мумкин.

Халқаро Олимпия қўмитаси спортнинг бу соҳаси бўйича Ўзбекистонга 2 та квота ажратган.

Комилжон Тўхтаев 2018 йилги қишки Олимпиадада ҳам иштирок этган эди. Ўшанда фигурали учувчи Миша Ге ҳам Ўзбекистон номидан қишки Олимпиадада иштирок этган.

“Анъанага кўра ёзги Олимпия ўйинларига йўлланманларни олгани учун давлат томонидан спортчига 100 миллион сўм, мураббийга эса 50 миллион сўм мукофот пули ажратилади. Афсуски, бу амалиёт фақат ёзги Олимпия ўйинларига тегишли. Қишки Олимпия ўйинларига йўлланманларни қўлга киритганлик учун бундай рағбатлантирувчи мукофотлар тўланса, адолатдан бўларди”, - дейилади федерация билдирувида.

Қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 2022 йилнинг 8-20 февраль кунлари бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG