Бу борадаги шартнома 1 ноябрь куни Қозоғистон ҳукумати ва Facebook тармоғига эгалик қилувчи Meta Platforms ширкати томонидан имзоланди.
"Facebook Қозоғистонга контентдан шикоят қилиш тизимни қўллашга тўғридан-тўғри ва эксклюзив ҳуқуқ берди. Бу тизим қозоқ ҳукуматига Facebook тармоғи сиёсатини ва маҳаллий қонунларни бузган контент тўғрисида хабар бериб туради”,- дейилади Қозоғистон ҳукумати ва Meta Platforms эълон қилган қўшма баёнотда.
Билдирилишича, Қозоғистон Ахборот вазирлиги экспертлари Facebook ширкатида махсус тайёргарликдан ўтказилган ва 1 ноябрдан мазкур тизим билан ишлай бошлади.
Мутахассислар Марказий Осиёда бундай ҳуқуқ биринчи бўлиб Қозоғистон ҳукуматига берилганини, эндиликда қозоқ ҳукумати ўзига ёқмаган контентни ўчириб ташлаш имкониятига эга бўлишини айтмоқда.
Халқаро ташкилотлар Қозоғистон ҳукуматини Интернетни чеклаш ҳаракатларини танқид қилиб келади. Freedom House эса Қозоғистонни “Интернет эркин бўлмаган давлат”лар қаторига киритган.