Ссылки доступа

Грузияда мухолифат Саакашвилининг озод этилишини талаб қилиб, қамоқхона биносига норозилик намойишига чиқди


Грузиянинг «Бирлашган миллий ҳаракат» мухолифат партияси етакчиси Ника Мелиа 2 ноябрь, сешанба куни Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили сақланаётган Рустави қамоқхонаси олдида уни озод этиш талаби билан муддатсиз акция бошланишини айтди.

«Грузия норозилик намойишини бошлайди!» — деб ёзди Мелиа Фейсбукдаги саҳифасида. У акция маҳаллий вақт билан соат 17:00да бошланишини маълум қилди. Унга кўра, акция собиқ президент қамоқдан чиққунга қадар давом этади.

Грузиядаги сиёсий инқироз Михаил Саакашвили маҳаллий сайловларнинг биринчи босқичи бошланишидан олдин Грузияга яширинча қайтганидан сўнг, кейин қамоққа ташланганидан сўнг кескинлашди ва у ерда ўзини озод қилиш талаби билан очлик эълон қилди. Саакашвили ташаббуси билан ташкил этилган «Бирлашган миллий ҳаракат» аввалроқ 30 октябрь куни бўлиб ўтган сайловнинг иккинчи босқичи натижалари ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси фойдасига сохталаштирилганини маълум қилган эди. Дастлабки натижаларга кўра, маҳаллий сайловларнинг иккинчи босқичида «Грузия орзуси» 20 муниципалитетдан 19 тасида ғалаба қозонган.

Саакашвили Фейсбукдада сайловларда ғалаба қозонганини айтди, бироқ «Грузияда ҳокимиятни қўлга олган бандитлар гуруҳи бу ғалабани биздан тортиб олди» дейди у. У фуқароларни ҳукмрон «Грузия орзуси» қўлидан «ҳокимиятни қайтариш» учун норозилик намойишига чиқишга чақирди.

Бугун Саакашвилининг очлик эълон қилганига 33 кун бўлди. У Фейсбукдаги саҳифасида салкам 20 килограммга озганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG