Ссылки доступа

Жапаров БМТга иқлим ўзгаришига доир махсус жамғарма тузишни таклиф қилди


2 ноябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 26 конвенциясидаги нутқи чоғида БМТга махсус жамғарма ташкил этишни таклиф қилди.

У ўз нутқида иқлим ўзгаришига чек қўйиш мақсадида қишлоқ, сув хўжалиги, энергетика, саноат, фавқулодда вазиятлар, аҳоли саломатлиги, ўрмон ва биологик хилма-хиллик каби турли соҳаларда қатор лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

– Мамлакатимиз ҳудудининг 94 фоизини тоғлар ташкил этишини ҳисобга олсак, бу борадаги ишлар кўлами жуда катта. Уни амалга оширилиши қарийб 3 миллиард долларга баҳоланмоқда. Иқлим ўзгаришининг салбий таъсири тоғли мамлакатларга хосдир. Уларни ҳал қилиш учун бу каби давлатларга ташқи ёрдам керак», — деди Жапаров.

У муҳтож бўлган тоғли мамлакатлар учун алоҳида мақсадли молиялаштиришни таъминлашни ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида музликлар, ўрмонлар ва биологик хилма-хилликни сақлаш, табиий офатларга тайёргарликни оширишга эътибор қаратган ҳолда иқлим ўзгаришига мослашиш дастурларини амалга ошириш учун махсус жамғарма ташкил этишни таклиф қилди.

Жаҳон етакчилари иштирок этаётган Глазгодаги иқлим саммитида Марказий Осиё давлатлари – Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонга бағишланган павильон ташкил этилди. Павильоннинг очилиш маросимида Қозоғистоннинг Яшил технологиялар ва инвестиция лойиҳалари халқаро маркази раиси Данияр Эренчиев сўзга чиқди.

У иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва зарарли газлар чиқиндиларини камайтиришга қаратилган «Беш мамлакат – бир минтақа – бир овоз» позициясига содиқ эканини таъкидлади. Ушбу павильонда минтақанинг экотизимлари ҳақида маълумот берилади. Бундан ташқари, у ерда Қирғизистондаги музликларнинг эриши ҳақидаги Озодлик Радиоси фильми намойиш этилади.

1 ноябрь куни Глазгода БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 26 конференцияси бошланди. 2 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров иштирокчиларга мурожаат қилиб, саммитда Марказий Осиё давлатлари президентлари орасидан ягона иштирокчи ҳисобланади. Анжуманда жами 100 га яқин давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.

XS
SM
MD
LG