Ссылки доступа

HRW: «Душанбе Афғонистондаги инқирозни баҳона қилиб, мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишига эътибор бермаяпти»


Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) БМТ ва халқаро ҳамжамиятни Тожикистон расмийларининг мамлакат инсон ҳуқуқларига нисбатан аянчли муносабатига эътибор қаратишга чақирди.

4 ноябрь куни Тожикистон ҳукумати Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоларига мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи бўйича ҳисобот тақдим этиши кутилмоқда.

Тожикистон август ойида Афғонистонни эгаллаб олган Толибонга нисбатан яқинда дунё янгиликларининг марказида бўлди, дейилади HRW ташкилоти 1 ноябрь куни эълон қилган баёнотида. Тожикистон ҳукумати аввалроқ Толибон бошқарувини тан олмаслигини эълон қилган эди. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон БМТ Бош Ассамблеясининг 76 сессиясида сўзлаган нутқида Афғонистонда умумий аҳолининг қарийб 46 фоизини ташкил этувчи афғон тожикларини ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат тузиш зарурлигини маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолларининг фикрича, Тожикистоннинг бундай позицияси мамлакатнинг ўзида инсон ҳуқуқлари бузилишига эътибор бермаслик учун асос бўла олмайди.

«Ягона мухолифат ташкилоти Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) 2015 йилда таъқиқланганидан сўнг, Тожикистон ҳукумати юзлаб сиёсий фаоллар, журналистлар ва ҳуқуқшуносларни қамоққа ташлади. Расмийлар ўз мухолифлари ва диссидентларини, шунингдек, мамлакат ичидаги оилаларини доимий равишда таъқиб қилиб, мустақил матбуотга босим ўтказмоқда. Ташкилотга қамоқхоналардан қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар ҳақида мунтазам хабарлар келиб туради», — дея қайд этади HRW.

Баёнотда айтилишича, яқинда Франция президенти Эммануэл Макрон ва Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни қабул қилган. Сиёсатчилар минтақавий хавфсизлик ва Афғонистондаги вазиятни, шунингдек, Тожикистоннинг Афғонистондаги ролини муҳокама қилдилар, аммо Раҳмон ҳукуматидаги мухолифатнинг шафқатсизларча бостирилиши ва инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши масаласига тўхталишмади, дейди ҳуқуқ фаоллари.

HRW Тожикистоннинг Женевада инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳисоботини тинглаш ушбу мамлакатдаги «инсон ҳуқуқлари инқирози»ни муҳокама қилиш учун янги имконият яратишини таъкидлайди. «Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар учун тожик расмийларига Афғонистондаги инқироздан мамлакатда инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишига эътибор бермаслик учун баҳона сифатида фойдалана олмаслигини тушунтириш учун имкониятдир», — дейилади баёнотда.

Тожикистон охирги марта 2016 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоларига мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳақида ҳисобот берган. Ўшандан бери, HRW қайд этишича, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини тез-тез танқид қилади. Расмийлар ҳуқуқларнинг бузилиши фактларини ё инкор этадилар ёки халқаро ташкилотлар тавсияларини бутунлай эътиборсиз қолдирадилар.

XS
SM
MD
LG