Ссылки доступа

Толибон Афғонистонда хорижий валютадан фойдаланишни тақиқлади


Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» радикал ҳаракати мамлакатда хорижий валюта муомаласини тақиқлади.

Бу қарор мамлакат иқтисодиётини кескин банкрот қилиши мумкин. Айни пайтда Афғонистон иқтисоди халқаро ёрдамнинг тўсатдан тўхтаб қолиши туфайли таназзул ёқасида турибди.

Толибоннинг кутилмаган қарори 2 ноябрь куни Афғонистондаги энг йирик ҳарбий госпиталга уюштирилган қуролли ҳужумда камида 25 киши ҳалок бўлганидан бир неча соат ўтиб чиқди.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатилган баёнотда Толибон «мамлакатдаги иқтисодий вазият ва миллий манфаатлар барча афғонлар молиявий операцияларда фақат афғон миллий валютасидан фойдаланишини тақозо қилади», дейилади.

Афғонистон бозорларида АҚШ доллари жуда кенг тарқалган. Афғонистоннинг чегарадош шаҳарлари ҳам савдо қилиш учун одатда қўшни давлатлар валюталаридан, масалан, Покистон миллий валютасидан фойдаланадилар.

Толибон Афғонистон марказий банкининг валюта захираларидан миллиардлаб долларларни озод қилишга уринмоқда. Айни пайтда мамлакатда пул инқирози, катта қурғоқчилик ва миграциянинг янги тўлқини кузатилмоқда.

Афғонистоннинг чет элда, жумладан, АҚШ Федерал захира тизими ва Европа давлатларида миллиардлаб долларлик активлари бор, бироқ уларнинг активлари аввалги ҳукумат қулаганидан ва Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери музлатиб қўйилган. Активларни музлатишдан ташқари Вашингтон Афғонистонга Халқаро Валюта Жамғармаси ва Жаҳон банки каби халқаро кредиторлар ёрдамини ҳам блоклади.

Афғонистон дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлиб, Жаҳон банки маълумотларига кўра, давлат бюджетининг тўртдан уч қисмини қоплайдиган ташқи ёрдамга қаттиқ қарам. Бу чет эл ёрдами ҳозирда мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG