Ссылки доступа

Россиядан бадарға қилинган ҳуқуқбоннинг онаси Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин


Россиядан Арманистонга чиқиб кетишга мажбур бўлган асли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик Москва вилоят полицияси 85 ёшли онасини Ўзбекистонга депортация қилиши мумкинлигидан ҳавотир билдирди.

Чупикнинг Озодлик радиосига ёзган мактубида айтилишича, полиция унинг онасига Россияда бўлиш муддатини бузгани учун судга чақиртирилганини ва Егорьевск шаҳридаги хорижликларни вақтинча сақлаш маркази орқали Ўзбекистонга депортация қилинишини билдирган.

Чупикка кўра, 85 ёшли онаси биринчи гуруҳ ногиронидир ва у судга боришга қийналади ҳамда хорижликларни сақлаш марказида яшай олмайди. Чупик Россия қонунчилигда ёши 70 дан ошган шахслар мамлакатдан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги қайд этилганини таъкидлади.

Валентина Чупик ва унинг онаси Ўзбекистон фуқароларидир. Улар Россия ҳудудида яшаб келишган.

"Tong Jahoni" инсон ҳақлари ташкилоти раҳбари, 48 яшар Чупик 25 сентябрь тунида Арманистондан Москвага учиб келган пайт Шереметьево аэропортида ушланган ва 7 кун мобайнида аэропортда сақланган эди. Чупикнинг қочқинлик мақоми бекор қилинган ва унга 2051 йилгача Россияга кириш тақиқланган.

У 2 октябрь куни Шереметьево аэропортидаги махсус ҳибсхонадан озод қилинди ҳамда Арманистонга учиб кетди.
Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Россия ҳукуматининг Чупикка нисбатан муносабатини танқид қилди.

XS
SM
MD
LG