Ссылки доступа

"Ўзкомназорат" раҳбари ишдан олинди. Тармоқларга чеклов тергов қилинади


Ўзбекистонда 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар фаолиятининг чекланиши юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Аввалроқ Бош вазир Арипов "Ўзкомназорат" раҳбари Ғолибшер Зияевни ишдан бўшатгани хабар қилинганди.

Асадовнинг маълум қилишича, Зияев Президент Мирзиёевнинг топшириғига асосан лавозимдан четлатилган.

"Президент топшириғига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди, рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилади.

Суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилади", дейилади Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг баёнотида.

Расмий баёнотда "Ўзкомназорат" раҳбари Ғолибшер Зияев тармоқларга чеклов масаласида "нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлар" қилгани айтилади.

Аввалроқ матбуот котиби Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзкомназорат"нинг қарорини "бир томонлама ва ўйланмай қилинган ҳаракат" деб баҳолаганини айтган эди.

Президент матбуот котибининг Тошкент вақти билан 21.37 да эълон қилинган баёноти ортидан ўзбекистонлик фойдаланувчилар 3 ноябрь куни чекланган Telegram, YouTube, Instagram ҳамда Facebook ижтимоий тармоқ сайтлари фаолияти тиклана бошлагани ҳақида ёзишди. Айни пайтда шу йил июлида блокланган Тwitter, ТikTok ҳамда Вконтакте фаолияти чекланганича қолмоқда.

3 ноябрь куни Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси – "Ўзкомназорат" Ўзбекистонда Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, Одноклассники ижтимоий тармоқлари фаолиятини чеклагани маълум қилинганди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, "Ўзкомназорат" мазкур тармоқларни шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритган.

Июль ойида "Ўзкомназорат" TikTok, Twitter, Skype, ВКонтактенинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаган эди.

Ўзбекистонда 16 апрелдан бошлаб “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирган эди. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинади.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан оператор, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлаш пайтида, уларни йиғиш, тизимлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний жойлашган техник воситалар базаларида (белгиланган тартибда Шахсий маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши) сақлашни таъминлаши шарт.

XS
SM
MD
LG