Беш ойлик танаффусдан сўнг музокараларнинг янги босқичини бошлаш санаси Европа Иттифоқи координатори Энрике Моро билан телефон орқали келишиб олинди. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Бакери-Кани Твиттерда маълум қилди.
Европа Иттифоқи ташқи алоқалар хизмати хабарида қайд этилишича, Мора раислигида Эрон билан музокараларда Буюк Британия, Хитой, Франция, Германия ва Россия иштирок этади.
«Биз 29 ноябрь куни Вена шаҳрида ноқонуний ва ғайриинсоний санкцияларни бекор қилиш мақсадида музокараларни бошлашга келишиб олдик», деб ёзди чоршанба куни Бакери-Кани. France-Presse таъкидлаганидек, эронлик дипломат Вашингтон 2018 йилда Эрон билан ядровий келишувдан чиққанидан кейин Қўшма Штатлар Теҳронга нисбатан жорий қилган санкцияларни назарда тутган. Қарор Доналд Трамп бошчилигидаги АҚШнинг аввалги маъмурияти томонидан қабул қилинган.
Бунга жавобан Теҳрон уран бойитиш бўйича халқаро келишувда белгиланган чегаралардан аста-секин чиқиб кета бошлади, шунингдек, илғор ускуналар ўрната бошлади.
Трампнинг АҚШ президенти лавозимидаги вориси Жо Байден Эрон расмийлари келишувларга тўлиқ риоя қилишга қайтса, Вашингтоннинг Эрон билан келишувдаги иштирокини тиклашга ваъда берди.
Жорий йилнинг апрель ойидан июнигача Эрон ва жаҳоннинг бир қанча қудратли давлатлари Венада 2015 йилги келишувни жонлантириш бўйича олтита музокара ўтказди. Июнь ойида ўта консерватив сиёсатчи Иброҳим Раиси ғалаба қозонган Эрон президентлик сайлови ортидан маслаҳатлашувлар тўхтатилди.
Ғарб Эронни ядровий қурол ишлаб чиқараётганликда гумон қилмоқда. Теҳрон буни рад этади.