Айни пайтда халқаро ҳамжамият Толибон томонидан тузилган Афғонистон муваққат ҳукуматига ёрдамни тўхтатган.
UNICEF Афғонистон таълим бўлими раҳбари Реутерс агентлигига «ташкилот ўқитувчиларга тўғридан-тўғри тўловларни амалга оширади, бу эса маблағларни де-факто расмий идоралар орқали ўтказмаслигини» айтди.
Сўнгги ойларда афғон ўқитувчилари Толибонни ўз муаммоларини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга чақирган. Айрим ўқитувчиларнинг Озодлик билан суҳбатда маошлари берилмаса, олтинчи синфгача очилган қизлар мактаблари ҳам ёпилишини айтди.
UNICEF Афғонистон таълим бўлими раҳбари фикрича, қизларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлашнинг энг яхши йўли мактаблар ва ўқитувчиларга моддий ёрдам кўрсатишдир. Унинг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамияти афғон ўқитувчиларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши керак.
Афғонистон таълим тизими Толибон ҳокимиятга келганидан бери инқирозга юз тутди, ўқитувчилар эса тўрт ойдан бери маош олмаяпти. Кўпгина давлатлар муваққат Толибон ҳукуматини молиявий қўллаб-қувватлашни тақиқлади, бундан ташқари, АҚШ ва Европа давлатлари Афғонистон Марказий банкининг хорижий активларини музлатиб қўйди.
Толибон Афғонистоннинг Қундуз, Балх, Саманган ва Жузжон каби вилоятлари бундан мустасно, кўплаб ҳудудларида 6 синфдан юқори қизлар учун мактабларни ёпди.
Айни пайтда Толибон ҳукумати расмийси Реутерс агентлигига шу ҳафта қизлар учун мактаблар очишга ҳаракат қилинаётганини айтди.
Толибон ҳукуматидаги Таълим вазирлигида хорижий дастурлар ва ёрдам бўйича масъул Воҳидуллоҳ Ҳошимий «Биз бир қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, UNICEF билан қизлар мактабларини қайта очиш ва тўғри ечим топиш устида ишлаяпмиз», деди.
15 август куни Толибон мамлакат пойтахти Кобулни эгаллаб олди ва ҳукумат кучлари билан уруш тугаганини эълон қилди. Шу куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди. Сентябрь ойида тузилган Толибон ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган.