Ссылки доступа

Қирғизистонликлар норозилиги ортидан Ўзбекистон чегарани кўчириш ишини тўхтатди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўтказиш пунктларидан бири.

Ўзбекистон ҳарбийлари 4 ноябрь куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Боткен вилоятидан ўтувчи қисмида чегарани кўчириш ишларини тўхтатди. Озодлик радиоси қирғиз хизмати бу ҳақда Боткен туман ҳокими Учқунбек Жўрабоевга таянган ҳолда хабар берди.

Ҳокимнинг айтишича, 4 ноябрь куни эрталаб Боткен туманидаги Қиштут қишлоқ ҳукумати ҳудудида Ўзбекистон чегарачилари чегара чизиғини мазкур қишлоқ ичкарисига жилдириш учун кенг кўламли ишларни бошлаган. Жумладан, мазкур ҳудудга экскаватор олиб келиниб, чегара ҳандақларини қазий бошлаган.

Учқунбек Жўрабоевга кўра, шундан сўнг қишлоқ аҳолиси норозилик билдириб мазкур ҳудудга тўплана бошлаган.

“Қиштут қишлоқ ҳукуматининг Таян қишлоғидан ўтувчи ва икки давлат ўртасида аниқланиб бўлинган ҳудудга Ўзбекистон ўз чегарасини кўчирмоқчи бўлган. Бироқ норозилар тўплана бошлаганидан сўнг, Ўзбекистон вакиллари билан Қиштут қишлоқ ҳукумати раҳбари, Қирғизистон чегара хизмати расмийси ва бошқа расмийлар учрашган. Шундан сўнг Ўзбекистон томони чегарадаги ишларни тўхтатган. Аслида, бу ҳудуд Ўзбекистонга тегишли бўлган”,-деди ҳоким.

Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга расмий муносабат билдирмади.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 1170 километри, яъни 85 фоизи аниқланиб бўлингани тўғрисида икки давлат президентлари 2017 йилда битим имзолган эдилар.

Чегаранинг баҳсли бўлиб турган ҳудудининг яна 10 фоизи аниқланиб бўлингани тўғрисида ҳукуматлар жорий йилнинг февралида билдирган.

XS
SM
MD
LG