Ссылки доступа

Ҳокимият танимаган бўрон: Пешку тумани ҳокимлиги биносининг томини шамол учириб кетди


 Пешку тумани ҳокимлиги биноси (Daryo.uz фотоси)
Пешку тумани ҳокимлиги биноси (Daryo.uz фотоси)

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 4 ноябрь куни кузатилган бўрон оқибатида Бухоро вилояти Пешку тумани ҳокимлиги биносининг томи учиб кетган. Бу ҳақда Daryo.uz нашри туман ҳокими Ваҳобжон Қаҳҳоров сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

“Чамаси, соат 17:00 лар эди. Иш айни авжида, ҳокимлик биносига ўз ташвиш, муаммолари билан айни одамлар келишаётган пайт. Эрталабдан тўзиётган шамол кутилмаганда кучли қумбўронга айланди. Ҳокимлик биноси том қисмида ваҳимали кўчиш содир бўлди. Яхшиям, одамлар сергак ва ҳушёр. Ҳеч кимга жисмоний зиён етмади”, дея иқтибос келтирган нашр туман ҳокими сўзларидан.

В. Қаҳҳоров туман ҳокимлиги биноси олдидаги усти ёпиқ ўриндиқларга ҳам жиддий шикаст етгани, ёритгичлар синиб, бинога электр энергияси етказиб берувчи барча симлар ишдан чиққани, туман солиқ идораси биноси шифти ҳам қумбўронда қўпорилгани, бир неча уйнинг шифтлари кўчгани, кўнгилсиз оқибатлардан эҳтиётланиш учун қатор манзилларни электр энергиясидан узиб қўйишга тўғри келганини билдирган.

Ҳоким мазкур бинолар томлари бундан 7-8 йил илгари сифатли қилиб қурилгани, 2019 йилда Бухорода кузатилган кучли шамолга дош берганини ҳам қўшимча қилган.

Пайшанба куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятлари ҳамда пойтахт Тошкентда чанг-қумли бўрон туриб, турли талафотлар етказгани ҳамда одамларга нафас олишда муаммолар туғдиргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

XS
SM
MD
LG