ИИВ: Фарғона, Хоразм ва Самарқандда ПЗР-тест натижаларини сохталаштириб сотган шахслар ушланди

Фарғона вилояти ИИБ вакиллари жорий йилнинг 22 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир чоғида экспресс ПЗР-тест таҳлилининг “манфий” натижаси ҳақида қалбаки маълумотнома тайёрлаб бериш учун “махсус мижоз”дан 150 минг сўм пул олган қувалик Х.М.ни қўлга олишган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти маълумот тарқатди.

Департамент қайдича, 29 октябрь куни Урганч шаҳридаги “УЗ МEД” хусусий клиникаси иш юритувчиси тезкор тадбирга жалб қилинган “махсус мижоз”га экспресс ПЗР-тест таҳлилининг “манфий” натижаси ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериш учун 340 минг сўм пулларини олган пайтда Хоразм вилояти ИИБ ТХТБ ходимлари томонидан ушланган.

Шунингдек, 3 ноябрь куни Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари ўтказган тезкор тадбир чоғида Самарқанд шаҳрида яшовчи Ф.М. “махсус мижоз”га ПЗР-тест таҳлилининг “манфий” натижаси ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериш учун 150 минг сўм пул олаётган вақтида қўлга олинган.

Департамент юқорида зикр этилган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

XS
SM
MD
LG