Ссылки доступа

Қозоғистон: Чанг бўрони туфайли 40 дан ортиқ одам трассада қолиб кетди


Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 4 ноябрь куни чанг бўрони туфайли 40 дан зиёд киши трассада қолиб кетди. Улар кейинроқ қутқарувчилар томонидан эвакуация қилиниб, уйларига элтиб қўйилган, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

“Чанг-тўзон туфайли Берген ва Қаражантақ автойўлида автоуловлар ҳаракати сустлашиб, тирбандлик юзага келди. Фавқулодда вазиятлар хизмати транспорти шахсий таркиб билан етиб бориб, 42 киши, жумладан тўрт болани яшаш жойларига элтиб қўйди”, дейилган вилоят ФВБ хабарномасида.

Бошқарманинг Instagram’даги саҳифасида эълон қилинган видеода қутқарувчилар қуюқ чанг туфайли йўлда ҳеч нарсани кўриб бўлмаслигини маълум қилишган.

Таъкидланишича, чанг бўрони сабабли Қаражантақ, Санали, Бўген, Тўрткўл қишлоқларида ўт ўчирувчилар, коммунал хизматлар ходимлари кучайтирилган тартибда ишламоқда.

Синоптиклар тахминича, 4 ноябрь куни бошланган чанг бўрони Туркистон вилоятининг айрим туманларида 5-6 ноябрь кунлари ҳам кузатилиши мумкин. Шу муносабат билан ФВБ фуқаролардан хавфсизлик талабларига риоя қилиш ва узоқ йўлга сафарга чиқмасликни тавсия қилган.

XS
SM
MD
LG