Ссылки доступа

Ашхободда VPN провайдерларига босим кучаймоқда


Эркин маълумот алмашиш устидан қаттиқ назорат ўрнатилгани учун танқид қилинган Туркманистон расмийлари шу кунларда мустақил ахборот манбаларига кириш чекловларини янада кучайтирди, VPN дастурларини ўрнатувчи мутахассислар ва прокси-сервер фойдаланувчиларига босимни оширди.

Бу ижтимоий тармоқларда Туркманистон ҳукумати устидан танқидлар кучаяётган ва расмийлар Туркманистон бўйлаб интернет тезлигини пасайтиришга уринаётган бир пайтда содир бўлмоқда.

«Озодлик» радиосининг Ашхободдаги мухбирининг хабар беришича, шу ҳафта бошидан шаҳар ҳокимияти фуқароларнинг смартфонларига VPN дастурларини ўрнатувчи, шунингдек, уларнинг хизматларидан фойдаланувчи мутахассисларни аниқлашга уринишларни кучайтирган.

«VPN тармоғига уланганимдан сўнг мобил телефонимда интернет узилиб қолди. Икки кундан сўнг мени ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан маҳаллий милиция бўлимига чақиришди. Менга чақирув қоғози жўнатишларини сўрадим, лекин полициячи зудлик билан бўлимга келмасам, куч билан олиб кетаман, деб таҳдид қилиб, расмий ҳужжат беришдан бош тортди», — деди 30 ёшли пойтахтлик фуқаро.

«Полиция бўлимига келганимда, мени хавфсизлик хизмати ходими кутиб турган эди. У менга VPN га уланганимда аниқ вақтни кўрсатди ва ундан нима учун фойдаланаётганимни сўради. Мен Youtubeга мусиқий видеоларни томоша қилиш учун кирганимни айтдим. Кейин у мендан ушбу дастурни ким ва қаерда ўрнатганлиги ҳақида тушунтириш хати ёзишимни талаб қилди, агар рад этсам, жавобгарликка тортаман, деб таҳдид қилди, — деди Сурай ва унинг хавфсизлигидан қўрқиб, исмини айтишга мажбур бўлганини айтди.

Биз VPN ўрнатувчилар ҳам полицияга чақирилганини ва агар улар бу ҳақда яна қўнғироқ қилсалар, «ўзларини айблашлари» ҳақида огоҳлантирганини билиб олдик.

«Милиция «текшириш» баҳонасида менинг мобил телефоним ва компьютеримни тортиб олди. Полиция бўлимида мендан фуқароларнинг телефонларига VPN ўрнатмаслигим ҳақида тилхат олишди. Охирги бир неча кун ичида полицияга яна ўнлаб уяли телефон усталари чақирилганини биламан», деди исмини ошкор қилишни истамаган уста.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда мустақил нашрларнинг веб-сайтлари, жумладан, «Озодлик» радиоси сайти, шунингдек, йирик ижтимоий тармоқлар доимий равишда блокланган. Фуқаролар VPN хизматларидан фойдаланишга мажбур. Шу билан бирга, ушбу мамлакатда интернет дунёдаги энг қиммат ва энг секин ҳисобланади ҳамда ягона провайдер “Туркментелеком” давлат компанияси ҳисобланади.

Туркманистон интернет эркинлиги бўйича халқаро ҳисоботлар ва рейтингларда охирги ўринда. Интернетга алоқадор Comparitech нашри август ойи бошида эълон қилган ҳисоботга кўра, Туркманистон Шимолий Корея, Эрон, Хитой, Беларус ва Сурия билан бир қаторда интернетда цензура бўйича энг ёмон давлатлардан бири ҳисобланади.

Туркманистонда интернетга кириш чекловлари ижтимоий тармоқларда Туркманистон ҳукумати, хусусан, президент Гурбангули Бердимуҳамедов сиёсатини танқид қилиш тез-тез учраган бир пайтда кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG