Ссылки доступа

ВМ қарори: фуқароларнинг айримларига ОТМга суҳбат асосида кириш имкони берилади


Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқаролар сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Бунга оид низом, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 4 ноябрида қабул қилинган.

Низомга мувофиқ, иш стажига эга бўлган фуқароларга суҳбат асосида ўқишга кириш учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳар йили 1 июлгача тасдиқланиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Ҳар ўқув йили учун бу муассасаларнинг марказий ва ҳудудий тузилмалари ҳамда тизим ташкилотларидан 100 нафаргача талабгорга тавсиянома бериши мумкинлиги айтилган. Мазкур тавсияномалар фақат берилган ўқув йили учунгина амал қилиши урғуланган.

Қайд этилишича, вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларидан тегишли тавсияномалар ололган фуқаролар ҳар йили 20 июлдан 10 августгача Давлат тест марказининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтказилади, суҳбат жараёни эса 20 августдан 30 августгача бўлиб ўтади.

Суҳбат натижаларига кўра 100 баллик баҳолаш мезонида 55 балл ва ундан юқори балл йиққан абитуриентлар ОТМ ректори буйруғи билан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.

2022 йилнинг 1 майидан кучга киражак мазкур тартиб олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмаслиги алоҳида таъкидланган.

XS
SM
MD
LG