Ссылки доступа

Тожикистонда пиёдаларга қоидаларини бузганлик учун жарималар кучайтирилди (видео)

На дорогах Душанбе
На дорогах Душанбе

Тожикистонда, расмийларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари айбдорлари қаторида бўлган пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар кучайтирилди.

Илгари бундай жарималар миқдори 7 дан 60 сомонийгача бўлган бўлса, эндиликда жарима 120 сомонийга тенг. Айни пайтда айрим пиёдалар Тожикистоннинг ҳамма шаҳарларида ҳам кўча ва йўлларни хавфсиз кесиб ўтиш учун пиёдалар йўлаклари, светофорлар ва ер ости ўтиш жойлари мавжуд эмаслигидан шикоят қилмоқда.

Тожикистон Бош прокурори ўринбосари Мирзоомон Рафизода парламент қуйи палатасининг 3 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида жорий йилнинг ўтган даврида 826 минг йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилганини айтди. Шундан 274 мингтаси йўл ҳаракати қоидаларини бузиш пиёдалар томонидан содир этилган.

«Огоҳлантиришлар ва кичик жарималар пиёдалар учун йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолатини яхшиламайди», — дейди Рафизода. Шу куни парламент Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритди ва йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини 120 сомонийга (тахминан 10 доллар) оширди.

Тожик қонунчиларининг фикрича, пиёдалар учун жарима миқдорини ошириш ушбу тоифадаги йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини камайтиришнинг бир усули ҳисобланади. Аммо бу борада пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг қарашлари турлича.

Такси ҳайдовчиси Иноятулло Раҳматовга кўра, пиёдалар кўчани кесиб ўтишда эҳтиёткор эмас ва бу ҳайдовчиларнинг ишини анча қийинлаштиради. «Улар кўчани кесиб ўтиш тақиқланган қисмидан юришади. Шу билан бирга, улар ўзларига ҳам, ҳайдовчиларга ҳам хавф туғдиради», — деди Раҳматов.

Бироқ, айрим фуқароларнинг фикрича, пиёдалар ўтиш жойининг йўқлиги, светофор ва ер ости ўтиш жойларининг камлиги ёки ишламаслиги пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузилишига олиб келади. Бошқа томондан, уларнинг фикрига кўра, жарима миқдорини ошириш пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш сонини камайтириш муаммосини ҳал қилмайди, чунки йўл полицияси бу ҳолатда касбини суиистеъмол қилиши мумкин.

Расмийларга кўра, Душанбеда 18 дан ортиқ ерости ўтиш жойлари қурилган, бироқ улардан пиёдалар кам фойдаланади, бу эса бахтсиз ҳодисаларга олиб келади.

Жорий йилнинг март ойида Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг идоравий газетаси “Конун Вачомеа” жорий йилнинг дастлабки икки ойида йўл ҳаракати полицияси ходимлари 7 мингдан ортиқ пиёдани йўл ҳаракати қоидаларини бузганликлари учун жаримага тортганини хабар қилган эди. Кейин мақолада йўл-транспорт ҳодисаларининг қарийб 60 фоизи пиёдалар томонидан содир этилганлиги айтилган.

Расмий статистик маълумотларга кўра, ўтган йили Тожикистонда 1 100 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисасида 376 киши ҳалок бўлган, 1 263 киши жароҳатланган.

XS
SM
MD
LG