Ссылки доступа

Қирғизистонда 20 дан ортиқ журналист парламент сайловларида номзод сифатида иштирок этиш ниятида


Қирғизистонда 20 дан ортиқ журналист Жўқорғи Кенгес депутатлигига номзод сифатида сайловда қатнашиш учун ариза топширган.

Улардан баъзилари сиёсий партиялардан, бошқалари эса бир мандат сайлов округларида ўз-ўзини кўрсатган номзод сифатида иштирок этади. Улар орасида таниқли тадқиқотчи журналистлар ҳам, ўз блоглари муаллифлари ҳам бор.

Аввалроқ ОАВ шикоятлари бўйича комиссия сайловда қатнашаётган журналистларга мурожаат қилиб, номзодларни депутатлик мандати учун курашиш ниятини очиқ эълон қилишга чақирган эди. Аммо бу талабни фақат бир нечтаси бажарган.

Гап шундаки, Қирғизистон Республикаси Журналистлари ахлоқ кодексининг 5 моддасига кўра, «Журналист ҳар қандай партияга аъзо бўлишдан, сиёсий фаолиятдан, давлат хизматида ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида ишлашдан тийилиши керак». Акс ҳолда, у бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилиши лозим.

Шу билан бирга, айрим экспертлар журналистлардан бири парламентга келиб, депутат бўлса, мамлакатда сўз эркинлиги ҳимоясига ҳисса қўшади, деган фикрда.

Эслатиб ўтамиз, Жўқорғи Кенгес депутатлари сайлови 28 ноябрга белгиланган ва аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади. Жўқорғи Кенгеснинг янги чақириғи 90 депутатдан иборат бўлиб, улардан 54 нафари пропорционал тизим бўйича (сиёсий партиялардан номзодлар ўртасида), 36 нафари эса мажоритар тизим бўйича (бир мандат сайлов округлари бўйича) сайланади.

Сайловолди ташвиқоти 29 октябрь ярим тунда бошланди. Ягона сайлов округи бўйича сайловда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан 21 партиядан номзодлар рўйхати рўйхатга олинди. 36 та бир мандат сайлов округи бўйича 321 нафар номзод рўйхатга олинган, бироқ уларнинг баъзилари сайловда қатнашишдан бош тортиш учун ариза топширган.

XS
SM
MD
LG