Ссылки доступа

Қирғизистонда таҳсил олаётган тожикистонлик талабаларга мамлакатни тарк этиш тақиқланган (видео)


Таджикским студентам вузов Кыргызстана не разрешают выехать из страны. Почему?
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:03:25 0:00

Қирғизистондаги университетларда таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар ўқишга қайта олмаяпти. Октябрь ойида Қирғизистон ҳукумати Тожикистондан келган талабалар учун чегараларни очишга рухсат берди.

Бироқ Тожикистон расмийлари қўшни давлатда хавфсизлик кафолатлари йўқлигини баҳона қилиб, талабаларни мамлакатдан чиқиб кетишларига рухсат бермаяпти.

«Тожикистон чегарачилари чегарадан ўтишимизга рухсат бермаяпти. Улар Тожикистон фуқароларини назорат-ўтказиш пунктидан ўтказишга буйруқлари йўқлигини даъво қилмоқда. Хавфсизлигингиз Қирғизистон ҳукумати томонидан кафолатланган тақдирдагина мамлакатни тарк этишингизга рухсат берамиз, дейди чегарачилар. Ҳозир кўплаб талабалар, жумладан, Лахш тумани аҳолиси ҳам Тожикистонни тарк этиш учун рухсат кутмоқда», — дейди Қирғизистон университетларидан бирининг талабаси Файзиддин Бобоев.

Талабалар ўз университетларидан талабалар учун чегара очилиши ва уларнинг дарсларда бўлишлари зарурлиги ҳақида хат олганликларини даъво қилмоқда.

Яқинда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат чегара хизмати матбуот хизмати Қирғизистондаги олий ўқув юртларида ўқиётган ёки ўқитувчилик қилаётган этник қирғизлар, Тожикистон фуқаролигига эга бўлган Қирғизистон фуқароларининг вояга етмаган фарзандлари, Тожикистон фуқаролигига эга бўлган талаба ва ўқитувчиларга Тожикистондан Қирғизистонга киришга рухсат беришлари мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Юқоридаги тоифадаги шахслар Қирғизистон ҳудудига фақат давлат чегарасининг қирғиз-тожик участкасидаги “Кулунду”, «Қайрағоч», «Қизил-Бел», “Бордобо” ва “Карамиқ” назорат-ўтказиш пунктлари орқали киришлари мумкин. Чегара хизмати матбуот баёнотида айтилишича, Қирғизистон Республикаси олий ўқув юртларида таҳсил олаётган тожикистонлик талабаларнинг исм-шарифлари чегара хизматлари томонидан икки давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларига юборилган махсус хатда қайд этилган.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси 21 октябрь куни Қирғизистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар учун чегараларни очишга рухсат берди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов ўз твиттерида маълум қилди. Унинг қайд этишича, тожикистонлик талабаларни қайтаришга рухсат бериш янги вазирлар маҳкамасининг биринчи қарорларидан бири бўлган.

Қирғизистон олий ўқув юртларининг тожик талабалари учун муаммолар Қирғизистон 29 май куни чегарадаги можародан бир ой ўтиб Тожикистон билан чегарани бир томонлама ёпиб қўйганидан кейин бошланган. Чегара тўқнашуви чоғида ҳар икки томондан 55 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар турли оғирликдаги жароҳатлар олди, ўнлаб уйлар ёниб кетди.

Чегаралар ёпилгач, Қирғизистон олий ўқув юртларининг тожикистонлик талабалари ўқишни давом эттириш учун Қирғизистон Республикасига кира олмадилар. Уларнинг бир қисми Тожикистон олий ўқув юртларига кўчиб ўтди, бироқ баъзилари турли сабабларга кўра ватанида ўқишни давом эттира олмади.

Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, 2020/2021 ўқув йилида Бишкек, Боткен ва Ўш университетларида тожикистонлик 1932 нафар талаба таҳсил олган.

XS
SM
MD
LG