Ссылки доступа

Туркманистон шарқида карантин чекловлари норозиликларга сабаб бўлди


Ноябрь ойи бошидан бери Туркманободда икки ойдан кўпроқ вақт олдин киритилган карантин чекловларига қарши аҳолининг бир неча норозилик акциялари бўлиб ўтди.

1 ноябрь куни ўнлаб бозор сотувчилари ишни қайта бошлаш талаби билан кўчани тўсган, 5 ноябрь куни эса автобус ҳайдовчиси иш ташлашга чиққан.

5 ноябрь куни “Лебапавтоулаг” транспорт корхонаси ҳайдовчилари айрим йўналишларда ишга чиқишдан бош тортди. Жами 30 га яқин автобус ҳайдовчилари иш ташлашда қатнашган.

Иш ташлашга Ашхобод фармони асосида корхона раҳбариятининг шаҳар автобусларида йўловчи ташишга рухсат берилган йўловчилар сонини сезиларли даражада қисқартириш ҳақидаги буйруғи сабаб бўлган. Раҳбарият талабида ҳар бир автобусда йўловчилар сони 10 кишидан ошмаслиги, акс ҳолда ҳайдовчилар тушунтириш хати ёзишлари, кейин қоидабузарлик такрорланган тақдирда ишдан бўшатишлари кераклиги кўрсатилган.

Шу билан бирга, раҳбарият ҳайдовчилар учун кунлик режани сақлаб, кунига 300 манат даромад олишни назарда тутади. Кундалик режа бажарилмаган тақдирда ҳайдовчилар ишдан бўшатиш билан ҳам таҳдид қилинмоқда.

Иш ташлаш шаҳар транспорти ишига таъсир қилиб, Туркманободда автобус қатновини сезиларли даражада чеклаб қўйди.

“Лебапавтоулаг” ҳайдовчиларининг итоатсизлиги Туркманистоннинг шарқий минтақаси аҳолисининг норозилигининг ягона жамоавий ифодаси эмас. Мухбирларга кўра, 1 ноябрь куни Туркманободдаги 5 бозорда сотувчилар ва савдо нуқталари эгалари карантин чекловлари узайтирилишига қарши норозилик билдиришган.

1 ноябрь куни бозорнинг қайта очилишини кутиш учун йиғилган ўнлаб одамлар маҳаллий ҳокимият ваъдаларига зид равишда бозор очилмагани учун яқин атрофдаги кўчани тўсиб қўйишди.

Ноябрь ойи бошида август ойида киритилган карантин чекловлари яна номаълум муддатга узайтирилгани маълум бўлди. Ҳукумат аҳолини карантин бошлангани, узайтирилиши ва келгуси режалар ҳақида расман маълум қилмади. Аҳоли бу каби қоидалар ҳақида одатда маҳаллий ҳокимиятдан оғзаки билади.

Айни пайтда Ашхободда узоқ кутилган карантин чекловлари юмшатиш ўрнига пиёда масофада жойлашган ўнлаб озиқ-овқат дўконлари ёпилди.

Мамлакатда коронавирус борлигини расман тан олмаган Туркманистон ҳукумати жорий йилнинг август ойида савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар корхоналарни ёпди.

XS
SM
MD
LG