Ссылки доступа

Мирзиёев ҳафта охирида Туркияга бориши кутилмоқда – ОАВ


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий иш ҳафтаси охирида Туркияга боради. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, Ш. Мирзиёев 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этади. Агар Туркияга ташриф амалга ошса, бу Мирзиёевнинг иккинчи президентлик муддати аввалида хорижий ўлкага қилган илк сафари бўлади.

Саммитда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон президентлари ва Венгрия бош вазири ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Хавфсизлик, сиёсат, иқтисод, товар айирбошлаш, маданий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган саммитда, Qalampir.uz хабарига кўра, Кенгаш номини Ташкилотга ўзгартириш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2019 йилнинг сентябрь ойида тўлиқ аъзо бўлган. 2009 йилда ташкил этилган кенгашда шу кунда Ўзбекистондан ташқари Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия тўлиқ аъзо мақомига эга, Венгрия эса кузатувчи аъзо бўлиб ҳисобланади. Жума куни ўтказилажак саммитда ташкилотга Туркманистон ҳам тўлиқ аъзо сифатида қўшилиши кутиляпти.

Ш. Мирзиёев Туркияга сўнгги марта ўтган йилнинг февраль ойида сафар қилган эди.

XS
SM
MD
LG