Ссылки доступа

Қозоғистонлик амалдор журналист ва «Ак Жайык» сайти муҳаррири устидан полицияга шикоят қилди


Атирау вилояти ҳокимининг ўринбосари Қайрат Нурлибоев полицияга«Ак Жайык» сайти мухбири Фарҳат Абилов ва бош муҳаррир Азамат Майтановни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб ариза билан мурожаат қилди, деб хабар берди вилоят ахборот агентлиги 8 ноябрь, душанба куни кечқурун.

«Ак Жайык» нашрининг ёзишича, бунга сабаб 18 октябрь куни нашр этилган мақола бўлиб, унинг муаллифи – журналист Фарҳат Абилов вилоят ҳокимлигидаги манбаларга таяниб, вилоят ҳокими ўринбосари тергов доирасида сўроқ қилинганини айтган. Хабарда айтилишича, гап Нурлибоев қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган пайтда ўн миллионлаб субсидиялар ноқонуний ажратилгани ҳақида кетмоқда.

«Журналистлар томонидан ҳеч қандай қоидабузарлик кузатилмади. Бу хабар чиққанидан бир неча соат ўтгач, вилоят ҳокимлиги жиноят ишининг сюжети ва бу шахсга шубҳа билдириш сабабларини кўрсатган ҳолда очиқ тушунтириш берди», — деди Фарҳат Абилов.

Унинг сўзларига кўра, аризачи таҳририятни «айбсизлик презумпцияси тамойилини бузганлик», «жиноят процессида иштирок этувчи шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш»да айблаган. Таҳририятга ҳоким ўринбосари вакилларидан келиб тушган судгача даъвода маълумотлар «бузилган шаклда» тақдим этилгани айтилади. Шунингдек, судгача бўлган даъвода «шахс сир сақлаши керак деб ҳисоблаган шахсий маълумотларни тарқатишни тақиқловчи» қоидага ҳавола бўлиб, маълумот манбасини ошкор қилиш, раддия эълон қилиш ва судланувчидан узр сўраш таклиф этилади.

Қозоғистонда амалдорларнинг ОАВ ёки журналистларга қарши ариза ёки шикоятлар билан полиция ва судларга мурожаат қилишлари одатий ҳол эмас.

Қозоғистон матбуотини ҳимоя қилиш бўйича «Адил сўз» ташкилоти жорий йил бошидан буён журналистлар ишига тўсқинлик қилиш бўйича 77 та ҳолат, ОАВ ходимларининг 7 та ҳибсга олиниши, 16 та ҳужум, иккита кузатув ва 30 та таҳдидли ҳолатни қайд этган.

XS
SM
MD
LG