Ссылки доступа

Россия ташқи ишлар вазири Қозоғистонда русийзабонларга нисбатан “ксенофобия” борлигини иддао қилди


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 9 ноябрда “Российская газета”да эълон қилинган интервьюсида Қозоғистонда русийзабонларга нисбатан “ксенофобия” борлигини иддао қилди.

“Янги тарихда Россия ва Қозоғистон жамиятни бирлаштириш, миллатлараро уйғунликни мустаҳкамлаш йўналишида сезиларли муваффақиятларга эришди. Афсуски, сўнгги пайтларда Қозоғистоннинг рус тилида сўзлашувчи фуқароларига нисбатан резонансли ксенофобия ҳолатлари содир этилганига гувоҳ бўлмоқдамиз”,- деб айтган Лавров.

Унга кўра, Қозоғистон билан икки томонлама муносабатлар даражаси бу каби ҳолатларни “тезкорлик билан бартараф этиш”га имкон бермоқда.

Кейинги пайтларда Россия матбуотида Қозоғистондаги русийзабон аҳолига нисбатан муносабат ёмонлашгани иддао қилинган турли мақолалар пайдо бўлмоқда. Россия матбуоти “Қозоғистонда руслар ва рус тилида сўзлашувчилар ҳуқуқлари поймол қилинаётгани”дан бонг урмоқда.

Қозоғистон ҳукумати эса бу каби иддаоларни инкор қилиб келмоқда.

“Россотрудничество” 11 август куни Қирғизистон ва Қозоғистонда “русларга ва рус тилида сўзлашувчиларга нисбатан ҳужумлар хавфли тенденцияга айланаётгани” тўғрисида баёнот берган. 19 август куни эса Россия ташқи ишлар расмий вакили Мария Захарова Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида руслар камчитилаётганини билдириб, “Россия бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши” ҳақида огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG