Ссылки доступа

Қозоғистонлик ҳайдовчилар Россия қайдидан чиқарилган автоуловларни легаллаштиришни сўрашмоқда


Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида 9 ноябрь куни Россия авторақамлари илинган юзга яқин автоулов соҳиби вилоят ҳокимияти биноси олдига тўпланиб, Россияда қайддан чиқарилган автотранспорт воситаларини легаллаштиришни талаб қилишди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, улар бунақа автоуловлар текширилиб, жарима майдончасига йўлланаётганини ҳокимиятнинг босими ўлароқ баҳолашмоқда.

“Ҳозиргина машинамни жарима майдончасига олиб кетишди. “Базада йўқ” эмиш. Суғурта қилдирганман лекин. Муаммони тезроқ ҳал қилишади, деб умид қиламиз. Уловларимизни қайтаришсин! Рўйхатдан ўтказишсин уларни”, деган акция иштирокчиси Нурбакит Сулаймонов.

Айтилишича, Ақтўбе ҳокими Асхат Шахаров йиғилганларни босиқликка чақириб, ушбу масалани юқори идораларга етказишга ваъда берган.

Полиция баёнотига кўра, шаҳарда Россияда қайддан чиқарилган автомашиналарни аниқлаш ва тўхтатиш бўйича рейдлар ўтказилаётгани йўқ. Аммо бир неча кундан бери “йўл ҳаракати қоидасини бузган” Россия авторақамига эга уловлар коммунал автотураргоҳларга қўйилмоқда.

Полиция жарима майдончасига олинган машиналар сонини очиқламаган, аммо улар давлат рўйхатидан ўтказилмагунча эгаларига қайтарилмаслигини таъкидлаган. Айрим ҳайдовчилар полиция уларнинг автоуловларини уйдан олиб кетганини айтиб, шикоят қилишмоқда.

Ҳайдовчиларга кўра, Россия авторақами тақилган уловлар “аросатда қолган”: уларни мамлакат ичида миниб бўлмаяпти, сотиш учун Россияга олиб чиқиш ҳам мумкин эмас. Шу боис ҳайдовчилар “автомобилларнинг мамлакатга олиб кирилишига рухсат берган” ҳукуматдан энди уларни давлат рўйхатига олдиришни талаб қилишмоқда.

Агар бу талаб бажарилмаса, улар норозилик чиқишини давом эттиришмоқчи. Аввалроқ бу каби акциялар Нур-Султон, Семей ва Қўстанай шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган эди.

XS
SM
MD
LG