Ссылки доступа

Ўнлаб муҳожирлар Беларуснинг Полша билан чегарасини бузиб ўтди


Сотни мигрантов на белорусско-польской границе
Сотни мигрантов на белорусско-польской границе

Икки катта муҳожирлар гуруҳи тўсиқларни бузиб, Беларус-Полша чегарасини бузиб Полшага ўтишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Биалйсток радиоси чегара хизматига таяниб хабар бермоқда.

10 ноябрь куни эрталаб Полша мудофаа вазири Мариуш Блашчак Полшага кечаси кириб келган барча муҳожирлар қўлга олинганини айтди. «Нотинч тун бўлди. Ҳақиқатан ҳам, Полша чегарасини бузишга уринишлар кўп бўлди», — деди вазир чегарада 15 минг полшалик аскарлар борлигини қўшимча қилиб.

Беларус ва Полша чегарасидаги вазият 8 ноябрь, душанба куни кескинлашди, бир неча минг муҳожир Беларус томонидан чегарага яқинлашиб, Европа Иттифоқига ўтишга ҳаракат қилди. Чегарачилар ва ҳарбий хизматчилар ноқонуний муҳожирларни тўхтатишга муваффақ бўлишди, улар Кузнитса қишлоғи яқинида лагерь қурдилар.

Расмий Минск Полшани муҳожирларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлганликда айблаб, Варшава халқаро қонунларга кўра уларни чегарадан ўтказиб юбориши, сўнгра бошпана сўраш аризаларини кўриб чиқиши шартлигини таъкидлади. Европа Иттифоқи Лукашенко режимини атайлаб миграция инқирозини қўзғатганликда ва Брюссел Лукашенко режимига қарши жорий этган санкцияларга жавобан минглаб ноқонуний муҳожирларни Европа Иттифоқи чегараларига ўтказишни уюштирганликда айблайди.

Полша Бош вазири Матеуш Мораветски сешанба куни парламентда сўзлаган нутқида, бу инқироз сўнгги 30 йил ичида Полша давлатининг чегаралари ва барқарорлигига қилинган энг жиддий ҳужум эканлигини айтди ва бунда Россияни айблади. Александр Лукашенко шунчаки президент Путин томонидан қўйилган вазифаларнинг ижрочиси, деди Полша бош вазири.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мас Лукашенкони муҳожирларни Полша билан чегарага жўнатиб, «уятсизларча» эксплуатация қилишда айблади. «Биз мигрантларнинг мақсадли контрабандасига алоқадор барча шахсларга нисбатан санкциялар қўллаймиз», — дейилади Германия ташқи ишлар вазири баёнотида.

Келгуси ҳафтадаёқ Европа Иттифоқи Полша билан чегарадаги муҳожирлар билан боғлиқ вазият муносабати билан Беларусга қарши янги санкциялар бўйича қарор қабул қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади Politico. Санкцияларни қўллаш учун ҳуқуқий асос сифатида «одам савдоси» тоифаси қўшилиши мумкин. Европа Иттифоқи дипломатининг газетага айтишича, санкциялар Беларуснинг Belavia давлат авиакомпаниясига таъсир қилади. Шу билан бирга, Минскка учувчи бошқа авиакомпаниялар, жумладан, Россиянинг Аэрофлот, UTair ва Nordwind Airlines, шунингдек, Turkish Airlines ва FlyDubai ҳам санкцияларга дучор бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG