Ссылки доступа

Қозоғистонга 379 минг дозадан зиёд Pfizer вакцинаси келтирилди


Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Қозоғистонга коронавирусга қарши Pfizer вакцинасининг биринчи партияси келтирилди.

Бельгиядан Qatar Airways ширкати учоғида Олмаотага етказилган юк жами 379 минг 80 дозадан иборат. Бу ҳақда Қозоғистондаги “СК-Фармация” дори воситалари ягона дистрибьюторига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар қилди.

“Келтирилган дозалар аҳолини ялпи эмлашни якунлашни тезлаштиришимизда ёрдам беради. Бу Қозоғистонда рўйхатга олинган олтинчи вакцина бўлди. Яқин кунларда уни аҳолини эмлашда қўллаш учун ҳудудларга тақсимлаймиз”, дейилган Қозоғистон ССВ хабарномасида.

Аввал имзоланган битимга мувофиқ, Қозоғистонга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маъқуллаган ушбу вакцинадан жами тўрт миллион доза етказиб берилади.

Эмлов курси икки дозадан иборат бўлиб, улар орасидаги интервал 21-28 кунга тенг, дея маълум қилган ССВ.

Расмий қайдларга кўра, 19 миллион аҳоли яшайдиган Қозоғистонда 7,7 миллион киши тўлиқ эмланган. Яна юз минглаб одам иккинчи дозани кутмоқда. Эмловда асосан Россиянинг “Спутник V” ва маҳаллий “QazVac” вакциналари қўлланмоқда.

XS
SM
MD
LG