Ссылки доступа

Кенгайтирилган «учлик» Исломободда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилмоқда


Участники международной встречи по Афганистану в Дели. 10 ноября 2021
Участники международной встречи по Афганистану в Дели. 10 ноября 2021

Россия, АҚШ, Хитой ва Покистон вакилларидан иборат Афғонистондаги келишув бўйича кенгайтирилган «учлик» аъзолари 11 ноябрь куни Исломободда Афғонистондаги мавжуд вазиятни муҳокама қилмоқда.

Йиғилишга Толибон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки қўшилиши ҳам мумкин. Покистон матбуотининг хабар беришича, Муттаки Исломободга 10 ноябрь куни етиб келган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс ҳам Афғонистон бўйича Покистон расмийлари билан музокаралар давом этаётганини айтди.

«Покистон расмийларидан очиқ ёки шахсий эшитганимиз шуки, улар ҳам Афғонистонда ўтган 20 йил давомида эришилган ютуқлар, жумладан, аёллар ва озчиликларнинг ютуқлари қўлдан чиқмаслигини таъминлашни хоҳлайди. Афғонистон бўйича позицияларда ўхшашликлар кўп. Биз бу борадаги музокараларимизни давом эттирамиз», деди у чоршанба куни ОАВга.

Ушбу таркибнинг сўнгги учрашуви жорий йилнинг август ойида Доҳада бўлиб ўтган бўлиб, унда АҚШнинг Афғонистондаги тинчлик бўйича махсус элчиси Залмай Ҳалилзод иштирок этган.

Исломободдаги учрашув Деҳлидаги музокараларнинг эртасига бўлиб ўтмоқда.

10 ноябрь куни Ню-Деҳлида Афғонистон бўйича халқаро йиғилиш бўлиб ўтди, унда Ҳиндистон, Россия, Эрон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон хавфсизлик кенгашлари котиблари иштирок этди, Хитой ва Покистон эса таклифни рад этди.

Иштирокчилар ўз чиқишларида Афғонистондаги иқтисодий ва гуманитар инқироз ва миграциянинг янги тўлқинидан хавотир билдирдилар ва этносиёсий кучлар иштирокида инклюзив ҳукуматни шакллантириш ва бу мамлакатга ёрдамни кучайтиришга чақирдилар.

Йиғилиш якунида қабул қилинган қўшма декларацияда иштирокчилар тинч, барқарор ва хавфсиз Афғонистонни қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар. Ҳужжатда Афғонистон ҳудудидан террорчиларни бошпана қилиш ва тайёрлаш, шунингдек, террорчилик ҳаракатларини молиялаштириш учун фойдаланмаслик кераклиги таъкидланиб, терроризмнинг барча кўринишларида курашишга содиқ эканликлари тасдиқланди.

Иштирокчилар, шунингдек, минтақада экстремизм ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва ҳамкорликка чақирди. Ҳиндистон саммитида иштирок этган Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Насрулло Маҳмудзоданинг айтишича, Душанбе Афғонистонда содир бўлаётган воқеалардан хавотирда.

Афғонистондаги хавфсизлик, шунингдек, «Исломий давлат» ёки ИШИД томонидан ҳужумлар сонининг кўпайиши Афғонистонга қўшни давлатларни хавотирга солмоқда.

Тожикистон Марказий Осиёда Толибонга нисбатан муросасиз позицияни эгаллаган ягона давлатдир. Душанбе икки ярим ой олдин Толибонга қарши коалициянинг таниқли етакчиси Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилигида тузилган Афғонистон Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Толибонни Афғонистондаги тожиклар ҳуқуқларини менсимасликда танқид қилиб, бу мамлакатда фақат инклюзив ҳукумат тузилишини қўллаб-қувватлашини айтди.

XS
SM
MD
LG