Ссылки доступа

Олмаота вилояти раҳбари Пижимдаги можаронинг «миллатлараро характерини» инкор этди


Олмаота вилояти раҳбари асосан қозоқлар ва уйғурлар истиқомат қиладиган Пижим қишлоғидаги тартибсизликлар миллатлараро сабабларга кўра содир бўлган бўлиши мумкинлигини рад этди. Унинг сўзларига кўра, айрим шахслар мактабда болаларнинг қарама-қаршилигидан «фойдаланиб», «жамоат тартибини бузган».

- Болалар коридорда елкалари билан тўқнашиши натижасида уришиб кетишган. Аммо болалар аллақачон ўзини яхши ҳис қилмоқда. Бу икки оила бир-бири билан учрашиб, масалани муҳокама қилишди. Аммо бундан фойдаланиб, тўпланиб, кўча-кўйда юриб, жамоат тартибини бузган, тош отганлар ҳаммаси ҳисобга олинди... Ўша ерда ҳуқуқий баҳо бердик. Жамоат тартибини бузганларнинг барчаси жазоланади», деди Амандиқ Баталов брифингда.

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакили Асет Оспанов аввалроқ қишлоқдаги оммавий муштлашув «миллатлараро можаро» сабаб бўлганини айтган эди.

27 октябрь куни Пижим шаҳридаги мактабда ўқувчилар ўртасидаги муштлашув натижасида 16 ёшли ўсмир бошидан жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган эди. 28 октябрга ўтар кечаси содир бўлган тартибсизликлар чоғида ушбу қишлоқда 53 ёшли эркак тан жароҳати олган. Шунингдек, бир гуруҳ одамлар бир нечта уй ва автомобилларнинг ойналарини синдиришган.

Олмаота вилояти полицияси икки жиноий иш — «икки ёки ундан ортиқ шахсга қасддан баданга оғир шикаст етказиш» ва «бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик» бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Ҳокимиятнинг расмий позицияси миллатлараро хусусиятни истисно қилади. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Олмаота вилоятининг Пижим қишлоғида мактаб ўқувчиларининг оммавий муштлашуви ва ундан кейин содир бўлган погромларга изоҳ берар экан, «мактабда оммавий гуруҳ муштлашуви» бўлиб ўтганини айтди.

Қозоғистон ҳукумати этник низоларни тан олмайди. Айни пайтда, энг қонли воқеалардан бири 2020 йилнинг февраль ойида қозоқлар ва дунганлар истиқомат қиладиган Жамбил вилоятининг Кордай туманида содир бўлди. 11 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланди, Масанчи, Сортобе, Аукатти ва Булан-Батйр қишлоқларида 25 та уй, 30 та қишлоқ объекти, 40 та автомобиль ёниб кетди.

Бундай кескинликларни бостириш расмийларнинг воқеаларга қарши курашиш қобилиятига салбий таъсир қилади ва томонларни яраштириш ва келажакда шунга ўхшаш можароларнинг олдини олиш ҳаракатларига тўсқинлик қилади, дейди экспертлар.

XS
SM
MD
LG