Ссылки доступа

Осиё тараққиёт банки Олмаота-Иссиқкўл автомобиль йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди


Осиё тараққиёт банки (ОТБ) «Олмаота – Иссиқкўл» муқобил автомобиль йўли қурилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Бу ҳақда 13 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Азиз Алиев ва ОТБнинг Қирғизистондаги доимий ваколатхонаси директори Лао-Арая Канопкан ўртасидаги учрашувда маълум бўлди. Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг расмий сайтида хабар қилинганидек, музокаралар чоғида ушбу лойиҳани давлат-хусусий шериклик доирасида илгари суриш масаласи, шунингдек, лойиҳанинг техник, молиявий, иқтисодий ва бошқа жиҳатлари кўриб чиқилди.

Азиз Алиев ўз нутқида ушбу лойиҳани амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади ва ОТБ вакилларига кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. «Лойиҳа, шубҳасиз, мамлакатнинг туризм, транспорт ва савдо салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Вазирлар Маҳкамаси уни ҳаётга татбиқ этишда ҳар томонлама ёрдам беради», деб ишонтирди мулозим ва тегишли давлат органларига лойиҳани тезроқ ишга тушириш бўйича зарур ишларни амалга оширишни топширди.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Олмаота (Қозоғистон) шаҳри ва Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилоятини боғловчи муқобил йўл саёҳат вақти ва нархини қисқартиришини, бу эса қатновлар частотасининг ошишига олиб келишини таъкидлади. Қирғизистон ҳукуматининг фикрича, янги йўл «минтақавий иқтисодий ривожланиш воситаси бўлиши кўзда тутилган, чунки бу сайёҳлар оқимининг кўпайишига ва сармояларни рағбатлантиришга олиб келиши мумкин».

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ва Қозоғистон илк бор 2015 йилда Олмаота – Чўлпон-Ота автомобиль йўлини қуриш бўйича келишиб олган эди. Сўнгра йўл қурилиши тугалланиши билан икки шаҳар орасидаги масофа бор-йўғи 250 километрни ташкил этиши, яъни қозоғистонликлар Иссиқкўлга 2,5 соатда етиб бориши маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG