Ссылки доступа

Сирдарёда ФВВ туман бўлими ходими бўғизлаб кетилди – ОАВ


Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги далалардан бирида ўткир тиғ билан бўғизлаб кетилган эркак жасади топилган.

Бу маълумотни “Дарё” нашрига Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлаган. БП мулозими марҳумнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мирзаобод тумани бўлимида ишчи бўлиб ишлаганини билдирган.

Мирзаобод тумани ИИБ маълумотига мувофиқ, 11 ноябрь куни соат 16:30 да Мирзаобод тумани “Бек кластер”га тегишли дала майдони ҳудудида 53 ёшли Ғ.А.нинг мурдаси бўйин соҳаси кесилган ҳолатдаги тан жароҳати билан топилган.

Воқеа жойини кўздан кечириш давомида дастаси жигарранг ошхона пичоғи, “Рапира” лезвияси ва бошқа зарур буюмлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Ғ.А. вафоти юзасидан тайинланган экспертизанинг дастлабки хулосасида унинг ўлимига бўйин соҳаси қон томирлари трахея ва қизилўнгачни кесилиши ҳамда ташқи қон кетиши сабаб бўлгани кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Мирзаобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти.

XS
SM
MD
LG